Шу кунларда Тошкент вилоятининг чекка ҳудудларидаги маҳаллаларда кенг кўламли ободонлаштириш, қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга ошириляпти.
Маълумки, Президентимиз раислигида 15 январь куни маҳаллабай ишлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида аҳоли мурожаатлари орқали жойлардаги вазият ўрганилиб, маҳаллалар қиёфаси ва ижтимоий муҳитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги кўрсатиб ўтилган эди. Бу ишлар, аввало, иқтисодий ва ижтимоий аҳволи нисбатан оғир бўлган маҳаллалардан бошланиши, инфратузилмани яхшилаш, ичимлик суви тармоқларини, боғча, мактаб, тиббиёт муассасалари, маданият марказларини таъмирлаш ва қуриш, бир сўз билан айтганда, одамларни рози қилишга устувор аҳамият бериш лозимлиги қайд этилди.

Пискент туманида қишдан кўра кўпроқ баҳор фаслига хос об-ҳаво одамларнинг кайфиятини ҳам кўтарди. Маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари бошланиб кетди. Ташаббус энг олис ҳудудларгача етиб борди. Хусусан, “Дўнгқўрғон” маҳалла фуқаролар йиғинида туман ҳокимлиги, масъул ташкилотлар билан бирга бошланган ҳашарда маҳалла аҳли ҳам четда қолмади. 300 нафарга яқин ҳашарчилар меҳнати билан таъмирталаб кўчаларни шағаллаштириш, эски симёғочларни янгисига алмаштириш, ариқ ва зовурларни тозалаш, мавсумга тайёрлаш режалаштирилган. Шунингдек, Оқтом маҳалласида ҳам кўча ва майдонлар тозаланиб, дарахтларга шакл берилмоқда. Маҳаллада 505 та хонадонда 2 минг 789 нафар аҳоли яшайди. Ҳашарда ободонлаштириш ишлари билан бирга аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш учун шифокорлар томонидан тиббий кўриклар ва хатлов ҳам ўтказилмоқда.

Янгийўл туманидаги Писталик ва Дархон маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Жун каналининг 6,2 километр масофасида бугунги кунда таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. "Миллий қурилиш таъмирлаш" МЧЖ корхонаси томонидан олиб борилаётган мазкур амалий ишларда канал ўпирилиб кетиш ҳолатининг олди олинади, сув лойқаланмаслиги учун ва фермерларга сувни ўз миқдорида ўзгартирмасдан етказиш каби бир қанча қулайлиелар яратилади.

Тоза ичимлик суви энди Дўстлик маҳалласида ҳам бўлади. Шу мақсадда бошланган амалий ишларда барча фаол бўлди. Марказий кўчанинг 4 та жойидан кўча "калонка"лари чиқариб берилди. Аҳолининг дарду ташвиши, мурожаатлари билан ишлаш бўйича штаб ташкил этилди. Энди тумандаги барча соҳа раҳбарлари мазкур маҳаллада фаолият юритиб, инсон қадри учун хизмат қилади. Тошкент вилояти Молия бош Бошқармаси ҳамкорлигида Янгийўл тумани 4 та сектор раҳбарлари Дўстлик маҳалласининг харитасини олиб, маҳалланинг энг оғир нуқталарини ўрганиб чиқди. Хатлов жараёнларида ўрганиб чиқилаётган хонадонларнинг ижтимоий аҳволидан келиб чиқиб моддий ва маънавий ёрдамга муҳтож энг оғир ҳолатдаги хонадонларнинг уй-жойларини 100 фоиз таъмирлаб, янги кўринишда тикланадиган бўлди.
Умуман олганда бу каби саъй-ҳаракатлар барча жойларда тизимли равишда амалга ошириляпти. Асосий эътибор – аҳоли муаммоларни ҳал қилиш, бандлигини таъминлаш ва муносиб шароит яратишдир.
А.Мусаев, ЎзА