Тожикистон Республикаси "Тожик пилла" ташкилоти раҳбари Назиршо Назаров бошчилигидаги делегация вакиллари Фарғона вилоятидаги "Nurli tong silk" МЧЖ пиллачилик кластери фаолияти билан танишди.
Маълумки, мамлакатимиздаги пиллачилик соҳасини ривожлантиришда Фарғона вилояти пиллакорларининг ҳам меҳнати беқиёс. Жумладан, биргина ўтган йилнинг ўзида вилоятдаги ипак қурти уруғчилиги корхоналари томонидан жами 41 минг қути ипак қуртлари парваришланиб, 2 минг тоннадан ортиқ тирик пилла етиштирилди. Пилла етиштириш мавсумларида корхоналар томонидан 42 миллиард сўм маблағ аҳолига пилла харид қилиш учун берилди.
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ахборот хизматининг маълумотига кўра, Тожикистон делегация аъзоларига мамлакатимизда пиллачилик кластерларининг фаолияти, давлат томонидан соҳа инвесторларига яратилган шарт-шароитлар, субсидиялар, хусусан, 2022 йилдан 2025 йилга қадар ҳар бир килограмм етиштирладиган пилла хомашёси учун аҳолига 5 минг сўмдан субсидия ажратилиши бўйича маълумотлар берилди.
Шунингдек, меҳмонларга ипак қурти уруғи ишлаб чиқаришдан бошлаб ипакли тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ жараёнлар кўрсатилди. Вилоятдаги пиллани қайта ишлаш корхоналари фаолияти ҳам ўрганилди.
Учрашув сўнгида келгусида Тожикистонда пиллачилик соҳасида Ўзбекистон тажрибасини жорий этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА