Бугун мактабларда география фани соатлари қисқараётгани юзасидан норози ўқитувчилар ижтимоий тармоқларда чиқишлар қилмоқда. ЎзА масалага ойдинлик киритиш мақсадида томонлар фикрини ўрганди.
ЎҚИТУВЧИЛАР НИМАДАН НОРОЗИ?
Бобомурод Кенжаев, Чироқчи тумани 34- мактабнинг олий тоифали география фани ўқитувчиси:
– Яқинда янги миллий ўқув дастури эълон қилинди. Унга кўра, 2022-2023-ўқув йилидан 1-6-синфларда "Табиий фанлар" - яъни SCIENCE фани жорий қилинар экан.
SCIENCE фани география, биология, физика, кимё ва астрономия фанлари бўйича ўқувчиларнинг дастлабки кўникмаларини шакллантириши айтилмоқда. Шу сабаб 6-синфдаги ҳар ҳафта 2 соатдан ўтиладиган 6 соатлик география, биология ва физика фанлари бекор қилиниб, ҳафтасига 3 соат янги scinse фани жорий этиляпти. Қолган ҳафталик 3 соат эса «Табиий фанлар» доирасида 2-, 3-, 4-синфларга тақсимланяпти. Ўқитувчиларни норози қилаётган томони янги дастурда 6-синф география фанидан ташқари, юқори синфлардаги ҳафталик 2 соат география фани ҳам қисқартирилган. Ҳозирги ҳафталик 10 соатлик дарсларимиз янги дастурда 8 соатга ўзгаряпти.
Халқ таълим вазирлиги билдирган муносабатда география фанига оид мавзулар янги дастурда 291 тадан 387 тага ортаётгани айтилмоқда. Яъни география муҳим фанлардан бири эканлиги жаҳон тажрибасида ҳам тасдиғини топгани инкор этилмаяпти. Географияга оид мавзулар сони ортаётгани ҳам буни исботлайди. Аммо қизиғи, мавзулар кўпайтирилиб, дарс соатлари қисқартирилмоқда. Биз учун муаммо шу.
Дарс соати қисқаргач, ойликлар ҳам камаяди. Рўзғор тебратиб бўлмайди. Биология ва кимё фанларида эса соатлар географиядан фарқли, қисқартирилмаган.
Халқ таълим вазирлигининг маълум қилишича, география ўқитувчилари science фани бўйича малака оширсагина, бошланғич таълимдаги болаларга дарс бериши мумкин, лекин бошланғич синф ўқитувчиларидан SCIENCE фани бўйича малака ошириши талаб қилинмаяпти. Масаланинг мантиқсиз томонидан бири ҳам шу. Янги фан таркибида географияга оид мавзулар аввалгидан 96 тага кўпайганига қарамай, фақат географлардан малака ошириш талаб қилинмоқда. Ахир янги фандаги энг кўп мавзулар география фанига тааллуқли-ку?! Фан бўйича асосий мутахассис биз эмасми?
ГEОГРАФИЯ ЙЎНАЛИШИДАГИ ТАЛАБАЛАР ҲАМ ХАВОТИРДА
Қувончой Пўлатова, география йўналиши талабаси:
– География фанини 8 соат қилиб қисқартиришар экан, унда нега ОТМларда мазкур йўналиш бўйича қўшимча бакалавр магистр ўринлари берилди?
Бугун мазкур йўналиш талабалари ҳам хавотирда. Шунча талаба эртага нима иш билан шуғулланади? Чиндан таълимда ислоҳот қилмоқчи бўлишса, буни оғриқсиз амалга ошириши, таълимдаги кадрларни ва битирувчиларни ҳисобга олишлари ҳам лозим эди.
ТАКЛИФИМ: ҳақиқий SCIENCE фани жаҳон намунаси билан олиб кирилар экан, демак, бошланғич синфлардаги янги фанга ажратилган соатларни табиий фан ўқитувчиларига бериш лозим. Шунда норозилик бўлмайди. Бу мантиқан ҳам ўринли. Чунки бошланғич таълим йўналишидаги талабаларга табиий фанлар деярли ўтилмаган. SCINSCE ДАН табиий фанлар бўйича 4 йил ОТМда ўқиган устозлар дарс бериши керак. Халқ таълим вазирлиги билдирган баёнотда бу жиҳатларга кўз юмилмоқда. Биз ислоҳотларни, хусусан, SCINSCE НИ қораламоқчи эмасмиз. Шунчаки, бу жараёнда ўқитувчиларнинг моддий манфаати, иш ўрни ва дарс соатларига ҳам адолат билан ёндашишларини истаймиз.
ХАЛҚАРО ТАЖРИБА ИНСОНЛАРНИНГ ДАРОМАДИНИ ҚИРҚИШ ҲИСОБИГА БЎЛМАСЛИГИ КEРАК
Исломжон Каримов, ўқитувчи:
– Халқ таълим вазирлигининг муносабатида айтилишича, мазкур янгилик Буюк Британия тажрибаси экан. Аммо Буюк Британия тажрибасини ўзлаштиришдан олдин вазирлик ўтган асрнинг 80- 90-йилларида қурилган мактабларнинг инфратузилмасини яхшилаш, замонавий ресурслар билан жиҳозлаш билан шуғулланса яхши бўларди. "Юк ортилган туядан отнинг тезлигини сўраш" қайси мантиққа тўғри келади? Халқаро стандарт, халқаро тажриба қайсидир касб эгаларининг даромади камайиши ҳисобига бўлмаслиги керак. География фани ўқитувчиларининг ҳам кредити, шартнома асосида ўқиётган фарзанди, турли орзу- истаклари бор эканлигини унутмаслик керак. Зеро дарс соатларини қисқариши, меҳнатга яраша маош бўлмаслиги, маошга яраша меҳнат қилинишини унутмаслик лозим.
ХАЛҚ ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ МУНОСАБАТИДА НИМА ДEЙИЛГАН ЭДИ?
«Татбиқ қилинаётган янги фан география биология, кимё ва астрономия, физикага оид билим ва кўникмаларни ўқувчиларда 1-синфдан бошлаб шакллантиради. Миллий ўқув дастури доирасида ўқувчиларда «Табиий фанлар» фани орқали шаклланиши лозим бўлган билим ва кўникмалар ҳар бир синф кесимида белгиланди. Ўқувчилар бошланғич синфларда етарли кўникма ва малакага эга бўлишлари учун халқаро тажрибадан келиб чиқиб, янги фанга ажратилган дарс соатларини бошланғич синфларда кўпайтиришга эҳтиёж туғилди. Шу муносабат билан 6-синфда ҳар бири ҳафталик 2 соатдан ўтиладиган (жами 6 соатлик) география, биология ва физика фанлари ўрнига ягона, ҳафтасига 3 соатлик «Табиий фанлар» киритилди.
Ўз навбатида қолган ҳафталик 3 соат «Табиий фанлар» доирасида 2-, 3-, 4-синфларга ўтказилди. Яъни, бу синфларга ҳафтасига 1 соатдан, жами 3 соат қўшиб берилди.
Мактабда география фанидан берилиши зарур бўлган билим ҳажми ва унга умумий режада ажратилган соатлар ҳажми қисқаргани йўқ. Бошқа фанлар қатори география фанига оид мавзулар «Табиий фанлар»га сингдирилган, умуман, дастурда география фанига оид мавзулар 291 та мавзудан 387 та мавзуга, яъни 96 та мавзуга кўпайган. Шу нуқтаи назардан ижтимоий тармоқларда география фани йўқолиш хавфи остидаги хулосалар, асоссиз».
ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИ
Бир қанча ўзбек фаоллари ҳам ўз саҳифасида ўқитувчиларнинг норозилиги юзасидан муносабат билдирди:
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушерабаев география фани қисқараётгани ҳақида ёзар экан, ҳозиргидек таълим тизимидан бу қадар ихлоси қайтмаганини таъкидлаган. Шунингдек, у Халқ таълими вазирлиги масалани холис кўриб чиқиши, тўғри қарор қабул қилишига умид билдирган.
Блогер Баҳодир Аҳмедов эса ўз саҳифасида география фани йўқолиш арафасидалигини савол остига қўйган. Блогер масала юзасидан муносабатини ёзар экан, ёшлигида у учун энг қизиқ фанлардан бири география бўлганлиги, айни пайтда мазкур фан ўқитувчилари оғир ҳолатда қолганидан афсусдалигини қайд этади.
Ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев эса муаммо юзасидан қуйидагича фикр билдирган:
«Агар биз халқ таълими тизимини ислоҳ қилиб, янгича ва замонавий ўқув методологиясини ўрнатмоқчи эканмиз, бундай ҳолда дарс соатлари ва ўзи умуман ўқув режаси ўзгариши табиий. Қайсидир фанлардан, гарчи оғриқли бўлса-да, балки бутунлай воз кечишимиз керакдир, қайсидир фанлар бўйича ўқувчиларга юкламаларни камайтириш керакдир, қайсидирларини ўз жойида қолдириб, балки яна бошқа бир фаннинг соатини кўпайтириш талаб этилар. Таълим ўлик ва қотиб қолган механизм эмас, у худди тирик организм каби замонга қараб ўзгариши, мослашиши керак. 100 йилдан буён шунақа-ку, энди нега бунақа бўлмаяпти, дейиш нотўғри. Аммо бу ўзгаришлар адолатли ва холисона бўлиши, имкон қадар оғриқсиз режалаштирилиши керак».
Блогер Шаҳноза Соатова дарс соатлари мақбуллаштирилишни оқлашини айтиб, саҳифасида қуйидагича пост қолдирган:
«География фанининг аҳамиятини камситмаган ҳолда, шунча география ўқиб, фарзандларимизда оддий экология билимлари, табиатга муҳофазакор муносабат ва экологик маданияти йўқлигини кўриб, ушбу фаннинг қандай ўқитилаётгани ва самараси тўғрисида саволларим кўп эди. Шунга кўра табиатни бир яхлит фан сифатида ўқитилиши ғоясини маъқуллайман».
Шунингдек, блогер ўқитувчиларнинг ишсиз қолаётганига ечим тариқасида мактаб қуриш кераклигини таклиф қилган: «Бироқ биздаги «беби бум» шароитида ўқитувчиларнинг ишсиз қолиши мантиқсизликдек. Ўзбекистонда 6 миллиондан ортиқ мактаб ўқувчиси 10 минг нари-берисидаги мактабларда бир синфга 40-45 тадан тиқилиб-сиқилиб, бир нечта сменаларда ўқимоқда! Мактаб қурайлик, азизлар!».
Дарҳақиқат, муносабатлар турлича. Умид қиламизки, муаммо ҳар икки томоннинг фикрини инобатга олган ҳолда ижобий ҳал этилади. Биз эса мутасаддиларни масалага тез фурсатларда ойдиклик киритишга чақириб қоламиз.
Мафтуна КАРИМОВА, ЎзА