Бугун таниқли адабиётшунос, Самарқанд давлат университетининг «Истиқлол даври адабиёти ва адабиёт назарияси» кафедрасида узоқ йиллардан бери самарали фаолият олиб бораётган филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳотам Икромович Умуров 80 ёшга тўлди.
Бугунги глобаллашув даврида жамият ҳаёти янгиланмоқда. Инсон онгини белгилайдиган фан ва технологиялар мисли кўрилмаган даражада ривожланаётир. Жаҳон адабиётига ҳам, ўзбек санъатига ҳам бугун кечаги нуқтаи назар билан қараб бўлмайди. Бадиий сўз ижодининг энг муҳим қонуниятлари ҳам бунга изн бермайди. Том маънодаги адабиёт илми билан машғул инсон муттасил ўзини ўзгартириб бориши, баъзан ўтмиш ва баъзан бугун, баъзан келажак билан юзма-юз келиши, табиат ва жамият, олам ва одам билан боғлиқ сирлардан доимий равишда янада теранроқ воқиф бўла бориши, илоҳий-ирфоний туйғулар оғушида яшаши замон талаби бўлиб қолмоқда. Шундагина асрлар мобайнида бадиий ижод сирлари ва сўз санъати дарди билан умргузаронлик қилиш мумкин.

Назаримда, ана шундай омиллар Ҳотам Икромович Умуровни забардаст адабиётшунос, зукко мунаққид, сўз санъати тарихи ва назарияси билимдони сифатида элга танитди.
Бугун қутлуғ 80 ёшини қарши олаётган бу таниқли олим ҳаётининг 60 йилини илм ва таълим-тарбияга бағишлади. Адабиёт илми ‒ ҳаётнинг ўзи қадар кенг кўламли ва бепоён бир соҳа. Бу соҳада ўзини намоён этиш кишидан тинимсиз меҳнат-машаққат, изланиш, синчковлик, яъни доимий равишда фаол бўлишни талаб этади. Адабиётшунос 100 дан ортиқ илмий ва илмий-оммабоп асарлар яратди, кўплаб сермазмун мақолалар ёзди, етук шогирдлар етиштирди, ижтимоий ва маданий ҳаётнинг қайноқ жабҳаларида фаоллик кўрсатди.

Олим аҳли қадимдан улуғланиб келган, уларга «пайғамбар(с. а. в.)нинг вориси» деб қаралган. Илм аҳлига муайян тармоқ мутахассисигина деб қараш камлик қилади. Олимдан жамият олдида улкан масъулият, ҳақиқатпарастлик ва ҳақгўйлик, халқ дарди билан яшаш талаб этилади.
Ҳотам Умуров сиймосида шундай шахсиятни кўраман. Унинг илмий ютуқлари, шогирдларга устозлик фазилати, жамоатчилик фаолияти бунга асос беради. Чунки камина унинг педагогик фаолияти, номзодлик ва кейин докторлик илмий даражаларини олиш учун ёзилган диссертациялари устида ишлаган йиллари, доцентлик ва профессорлик илмий унвонларини олишга замин бўлган илмий-методик асарларини яратиш йўлидаги машаққатли меҳнатларидан бевосита хабардорман.
Олимнинг вояга етишида оилавий муҳитнинг алоҳида ўрни бўлади. Буни Ҳотам ака мисолида ҳам кўриш мумкин. У мамлакатимиздаги машҳур сулолалардан бирининг вакили. Онаси ‒ Асолат опа атоқли шоир Ҳамид Олимжоннинг синглиси эди. Икки акаси ҳам таниқли олим эди. Филология фанлари доктори, профессор Ориф Икромов ҳам, физика-математика фанлари доктори, профессор Ғани Икромов ҳам фан ва таълим ташкилотчиларидан эди. Қизи ‒ Гўзал Умурова шу сулола анъаналарини давом эттириб келмоқда. У ҳам филология фанлари доктори.
Олим «Адабиётшунослик назарияси», «Илмий тадқиқот асослари», «Адабиёт қоидалари», «Бадиий ижод асослари», «Таҳлил чизгилари», «Тирик шеърлар поэтикаси», «Шеър техникаси ва поэтикаси» сингари қатор дарсликлар ва қўлланмалар яратди. Уларда сўз ва фикрга тақиқ муносабат ҳамда синчковлик билан ёндашиш устунлик қилади. У муайян асар яратиш жараёнида халқ бисотига, донишмандлик қарашларига таянади, минглаб ҳикматли сўзларни, доно фикрларни, мақол ва маталларни йиғади, улардан ижодий изланишлари давомида зарур ўринларда маҳорат билан фойдаланади. Бу бир томондан, асар қимматини оширса, иккинчи томондан китобхонларни қадим ҳикмат дурдоналаридан баҳраманд этади.
Унинг тадқиқотларида адабиётнинг ҳеч бир мафкура ва тизимга ён босмайдиган асрий қонуниятлари таҳлил этилади. Бу, айниқса, унинг бадиий ижод ва психологик-руҳий масалалар таҳлил этилган тадқиқотларида янада яққолроқ кўзга ташланади.
Бадиий асар фалсафа, мантиқ, тарих, динсиз мавжуд бўла олмаслиги каби руҳий-психологик омилсиз ҳам вужудга келмайди. Ҳотам Умуров буни ўзининг дастлабки тадқиқотларидаёқ англаган ва илмий муомалага жалб этган эди.
Адабиётшуноснинг бир қатор тадқиқотларида илҳом, истеъдод, иқтидор, қобилият муаммолари ўрганилади. Олимда таҳлил учун бадиий матн танлаш маҳорати мавжуд.
Кўриниб турибдики, бу олим ижодий тажрибаларида бугунги ёш авлод учун сабоқ бўладиган жиҳатлар ниҳоятда кўп. У чинакамига ҳақ ва эзгу сўз шайдоси. Унинг бу хислатидан кўплар ўрнак олса, арзийди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, атоқли олим Ҳотам Умуровга узоқ умр тилаб, ундан яна кўплаб сермазмун асарлар кутиб қоламиз.
Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ ,
филология фанлари доктори, СамДУ профессори.