Рустам Каримжонов: 97,9 фоиз мактабларга юқори тезликдаги интернет инфратузилмаси етказилган (+видео)
XXI аср – рақамли технологиялар асри.
Ҳозирда ҳаётимизни уяли телефон, интернет, компьютерларсиз тасаввур этиш қийин. Бу воситаларни нафақат давлат сиёсати, иқтисодиёти, балки, таълим тизимида ҳам аҳамияти беқиёс. Хўш, 2021 йилда Халқ таълими тизимида ахборот-коммуникация технологиялари қай даражада татбиқ этилмоқда. Бу йўналишда қандай самарали ишлар амалга оширилди. Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов билан суҳбатлашдик.
– Бугунги кунда вазирлик тизимидаги умумтаълим мактабларини интернет тармоқлари билан таъминланганлик даражаси қандай ва бу жараёнда қандай муаммолар бор?
– Ҳозирги кунгача 97,9 фоиз мактабларга юқори тезликдаги интернет инфратузилмаси етказилган (2018 йил 3%, 2019 йилда ушбу кўрсаткич 30% ни ташкил этган). 53 фоиз (5 300 та) мактабларда компьютер синф ва директор ўринбосари хоналарига локал тармоқ ҳамда ўқитувчилар хонасига Wi-Fi қурилмалари ўрнатилди. Шунингдек, муаммо ва амалга оширилиши керак бўлган ишлар ҳам мавжуд. Юртимизнинг 2 фоиз (200 та) олис ҳудудларда жойлашган мактабларни махсус реле-антенна технологияси орқали улаш ишларини охирига етказиш зарур.
– Умумтаълим мактабларидаги информатика хоналари компьютер жиҳозлари билан қай даражада таъминланган?
– Умумтаълим мактабларида жами 15 минг 906 та компьютер синфи мавжуд бўлиб, шундан 9 минг 26 таси (57 фоиз) замонавий компьютер техникаси билан таъминланган.
Жумладан, охирги йилларда хорижий молия институтларининг грант ва инвестиция маблағлари ҳисобига 4 минг 698 та компьютер синфлари 70 мингдан ортиқ замонавий компьютер билан жиҳозланди, шундан бугунги кунда 15 минг 906 та компьютер синфи хонасидан 6 минг 880 таси (43 фоиз) бугунги кун талабларига жавоб бермайди, жумладан, аксаряти маънан эскирган ёки информатика хонасида компьютер техникаси мавжуд эмас. Келажакда бу йўналишда қилинадиган ишлар белгилаб олинган.
Хусусан, 2022 йилда ушбу масалани ҳал этишга 951 та Корея Республикаси Эксимбанк кредит маблағлари ҳисобига ва давлат бюджети ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2 минг 29 та замонавий компьютер жиҳозлари етказилади. 2023 йилларда эса Хитой гранти асосида 1 минг 300 та замонавий компьютер синф комплектлар келтирилиши режалаштирилган.
– Мактаб ўқувчиларини бугунги кунда талаб юқори бўлган касбларга айланаётган Робототехника ва дастурлаш, график дизайн ҳамда видео монтаж каби соҳаларга йўналтиришда информатика фани ўқитувчиларининг билими ва имконият даражаси етарлими?
– Республика бўйича ҳозирда жами 16 минг нафар информатика фани ўқитувчилари фаолият юритади. Сифат таркиби бўйича таҳлил этганда олий тоифали информатика фани ўқитувчилари 3 фоизни, I тоифали 10 фоизни, II тоифали 25 фоизни, мутахассис 62 фоизни ташкил этади.
Информатика фани ўқитувчилари аксарияти ҳозирги кун талабидаги технологиялар ва информацион тизим ва электрон дастурлар бўйича ўз билимларини янгилаб боришлари талаб этилади. Информатика фани ўқитувчиларини замонавий дастурлаш йўналишлари бўйича билим ва кўникмаларини доимий равишда оширишимиз зарур. Сабаби, рақамлаштириш соҳасида деярли ҳар куни янгилик киритилади ва ҳозирда замонавий деб ҳисоблаган компьютер технологиялари, бироз вақтдан сўнг замон талабига жавоб бермай қолиши мумкин.
– Вазирликнинг ташаббуси билан информатика фани ўқитувчиларини қўллаб-қувватлаш ва имкониятларини юзага чиқариш мақсадида қандай лойиҳалар ва танловлар ташкил этилмоқда?
– “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ҳар йили умумтаълим мактабларининг информатика фани ўқитувчилари учун республика танлови ташкил этилади. Жумладан, 2020-2021 йилларда ташкил этилган танловларда 200 нафар энг яхши ўқитувчиларнинг ҳар бири базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида бир марталик мукофотлаш жами 940 миллион сўм миқдорда рағбатлантирилди. Шу билан бирга, энг муносиб информатика фани ўқитувчилари “Халқ таълими аълочиси”, “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишонлари ва бошқа мукофотлар билан тақдирланмоқда. Жорий йилда, 14 та ҳудуд бўйича 35 дан ортиқ энг яхши натижа кўрсатган ва фаол информатика фани ўқитувчилари Халқ таълими вазирилиги томонидан “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, ноутбуклар билан тақдирланди.
Ҳозирги кунга қадар ҳар бир туман(шаҳар)да малакали кадрларни шакллантириш мақсадида 430 нафар ўқитувчиларнинг Python дастурлаш тили бўйича малакаси оширилди. Уларнинг энг сара 207 нафари тренер-ўқитувчилар сифатида танлаб олинди ҳамда уларнинг малакаси оширилди. Малака ошириш мобайнида уларнинг ҳар бирига ноутбук совға килинди. Бундан ташқари, жорий йил якунига қадар жами 6 минг 120 нафар информатика фани ўқитувчилари (3 060 нафар) С++ дастурлаш тили бўйича 144 соатлик, Scratch дастурлаш муҳити бўйича (3 060 нафар) 72 соат малака кўникмаларини оширишади.
– Бугунги кунда жамиятимизда ахборот-технологияларининг ўрни юқори. Аммо мактабларда информатика фани дарс соатлари бунга муносиб эмас. Дарс соатларини кўпайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилганми?
– Бугунги кундаги умумтаълим мактабларининг амалдаги ўқув режасига мувофиқ “Информатика ва ахборот технологиялари” фани 5-,6-,7- ва 8-синфларда ҳафтасига 1 соатдан ҳамда 9-,10-,11-синфларда ҳафтасига 2 соатдан жами ушбу синфларда йилига 340 соат ўқитилиб келинмоқда. Маълумот учун, охирги уч йил давомида “Информатика ва ахборот технологиялари” фани 2 соатга кўпайтирилиб берилди. Жумладан, 5-6 синфларда 0,5 соатдан ва 11-синфда 1 соатдан қўшиб берилди. Бундан ташқари, жорий йилда Халқ таълими вазирлиги томонидан IT-мактабларнинг 2021-2022-ўқув йилига мўлжалланган намунавий ўқув режаси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Мазкур ўқув режага мувофиқ, “Информатика ва ахборот технологиялари” фани соатлари 2,3 баробарга (5-11-синфлар учун ҳафтасига 10 соатдан 23 соатга) оширилди.
– Бевосита интернет тармоғи билан боғлиқ бўлгани учун ҳам kundalik.com платформаси бугунги кунда ҳам жамоатчиликда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бу платформа чиндан ҳам ўқитувчиларга иш жараёнида енгиллик ярата олдими ва платформага юклатилган ижобийлик хусусиятини оқлай оляптими?
– Электрон кундалик тизими ўқитувчиларга дарсларни онлайн режалаштириш, ўқитувчиларнинг кунлик дарс режаларини тузиш, ўқувчиларнинг давомади ва ўзлаштириш даражасини онлайн мониторинг қилиш имконини яратади. Шунингдек, ушбу тизим мактабларга статистик ҳисоботларни тайёрлаш учун қулайликлар яратади, жумладан, ҳисоботлар электрон ва автоматлашган тарзда амалга оширилади ва бу ўқитувчиларнинг вақтини тежайди ҳамда ҳисоботлар реал вақт режимида янгиланади.
Ўқитувчилар учун ушбу тизимнинг бепул мобиль илова яратилган бўлиб, унинг ёрдамида интернетга уланмасдан (бир марта юклаб олингандан сўнг) ҳам зарур маълумотларга эга бўлиш ва фойдаланиш мумкин. Электрон кундалик тизими ўқитувчиларни ишлаш жараёнини осонлаштиради ва вақтни тежайди, бу эса ўз навбатида ўқувчилар қўшимча дарс олишларига ҳамда ижодий ривожланишига шароит яратади. Яна бир афзал тарафларидан бири бу ўқитувчилар ота-оналарга онлайн тарзда фарзандлари хулқи тўғрисида маълумот киритишлари мумкин. Ҳар дарсда давомадни юритиш ва қоғоз шаклдаги журналларни ўзи билан олиб юришга энди ҳожат йўқ.
Шу билан бирга, Электрон кундалик тизимида Zoom платформасидан фойдаланиш имкониятлари яратилди. Ўқитувчилар эндиликда масофавий ўқитиш даврида ҳам замонавий EdTech воситаларидан фойдаланиши имконини беради, яъни улар ўз ўқувчилари билан бепул Zoom платформаси ёрдамида видеодарслани ўтказишлари мумкин бўлади. Электрон кундалик тизими ёрдамида ўқитувчилар ҳар чоракда ўртача 7 соатдан кўпроқ иш соатини тежашади.
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/iC-Ttpz45QU" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Файзулло Яҳёев,
Ёқубжон Мелибоев (видео), ЎзА