Косонсой туманига янги ҳоким тайинланди
Халқ депутатлари Наманган вилояти Косонсой тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Сессия ишида ташкилий масала кўриб чиқилди. Шу пайтга қадар Косонсой тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келган Баҳодир Турсунович Юсупов Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири лавозимига ўтганлиги муносабати билан туман ҳокимлигига янги раҳбар номзоди илгари сурилди.
Косонсой тумани улкан имкониятларга эга эканлиги, ҳудудни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш дастурларининг ижроси, саноат, тадбиркорлик учун қулай инфратузилма мавжудлиги, шаҳарда ишсизликни бартараф этиш бўйича амалий ишлар амалга оширилаётгани, кўп қаватли уйлар қурилиши, қишлоқ хўжалигида ўсиш кузатилгани таъкидланди. Шунингдек, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, туризмни ривожлантириш имкониятларидан фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
Норин тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Дилмурод Ғофурович Қодиров Косонсой тумани ҳокими этиб тайинланди.

Дилмурод Қодиров 1972 йил 26 апрель куни Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 1993 йили Андижон қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган. Мутахассислиги олим-агроном.
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА