8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун
Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 55-модда.
Умуммиллий бойлигимиз бўлган ердан оқилона фойдаланиш нафақат конституциявий, балки келажак авлод олдидаги энг катта бурчларимиздан бири саналади.
Зеро, ерни, унда бунёд этилган табиатни асраш орқали инсоният ўзини ва келажагини асрайди. Чунки айнан ушбу омиллар табиий мувозанатнинг сақланишида муҳим роль ўйнайди.
Юртимизда кейинги йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Табиатни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, соҳа бошқаруви механизмини модернизациялаш бўйича қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди.
Бугунги кунда ер участкаларидан оқилона фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш масаласи жуда долзарб. Чунки ер қонунчилиги талабларига зид равишда ердан фойдаланиш, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш каби ҳуқуқбузилишлар кўплаб учрамоқда.
Кадастр агентлиги маълумотига кўра, ер ва кадастр назоратчилари томонидан аниқланган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари 6 минг 799 ҳолатда жами 1,5 мингга яқин гектар майдонни ташкил этган. Ушбу ерларни фуқароларимиз ва “уддабурон” тадбиркорлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олган.
Бу ҳали ҳам фуқароларимиз орасида ер қонунчилиги талабига риоя этмасдан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари давом этаётганини кўрсатади.
Кўриниб турибдики, ерларимиз ҳали ҳам ҳимояга муҳтож. Шу маънода, Президентимизнинг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан ер тўғрисидаги қонун бузилиши ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва жойларда ҳудудий кенгашларнинг ташкил этилиши ер ҳуқуқбузарлиги профилактикасида амалий аҳамият касб этди.
Яхши биламизки, ерларни ҳимоя қилишда қонун кучидан фойдаланиш, айбдорларга қонуний чораларни қўллаш самарали натижа беради.
2021 йил 16 августдаги “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексидаги ер ҳуқуқбузарлиги учун жазо чораларини кўзда тутувчи бир қатор нормаларига ўзгартиришлар киритилди.
Хусусан, Жиноят кодексининг 197-1 – моддаси (ушбу моддада суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаганлик учун жавобгарлик белгиланган) биринчи қисмининг диспозицияси янги таҳрирда баён этилди.
Моддага киритилган ўзгартириш “шу жумладан ер участкаси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги факти тўғрисида ваколатли органларни хабардор этиш бўйича” жумласи бўлиб, бу орқали қонунчилик ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги ҳолати бўйича тегишли органларга хабар бериш вазифасини ер эгаси, ердан фойдаланувчи ёки ижарачига юклади.
Қонунчиликдаги бу ўзгариш сўзсиз амалий аҳамият касб этади. Чунки, ерга нисбатан бўлаётган тажовузни ерга яқин бўлган инсонлар, яъни фойдаланувчилар яхши билади.
Афсуски, айрим ҳолларда айнан шу шахслар ер участкаси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига хайрихоҳ бўлади.
Қонунчиликка киритилаётган бу ўзгартириш ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига қарши курашда ер эгалари масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, 197-1 –модданинг биринчи ва иккинчи қисмлари санкцияларига ҳам ўзгартиришлар киритилиб, жарима жавобгарлик жазо чоралари кучайтирилди.
Жиноят кодексининг 229-1-моддаси ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари бўйича жавобгарликни кўзда тутади. Юқорида номи қайд этилган қонун билан ушбу модда ҳам янги таҳрирда қуйидагича баён этилди:
“Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш, худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.
Суғориладиган ер участкаларини уларда қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Биринчи марта жиноят содир этган шахсга нисбатан, агар у ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда таъминласа ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф этса, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
Қонун билан Жиноят кодекси янги, 229-6-модда билан тўлдирилди. Ушбу моддада суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш ҳолатлари бўйича жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.
Ушбу модда қишлоқ хўжалик мақсадларига мўлжалланган ерларни Ер кодексида мустаҳкамланган ҳуқуқий ҳолатидан келиб чиққанини кўриш мумкин.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, қишлоқ хўжалик мақсадларига мўлжалланган ерлар (шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, суғориладиган ерлар қишлоқ хўжалик мақсадларига мўлжалланган ерлар тоифасига мансуб бўлиб, ер қонунчилигида алоҳида ҳуқуқий муҳофаза қилинади) хусусийлаштирилмайди, олди-сотди қилинмайди.
Жиноят кодексига киритилган 229-6-модда мазмунидан кўриниб турибдики, суғориладиган ер участкасига бўлган ҳуқуқни сотиш, қонунга хилоф равишда ўзга шахсга бериш жиноят ҳисобланади.
Хулоса қилиш мумкинки, ерларни, хусусан унумдорлиги билан ер фондининг энг қимматли участкаси ҳисобланадиган суғориладиган ерлар муҳофазаси кучайтирилди. Демак, ер қонунчилигини бузишнинг ҳар қандай кўриниши оғир жиноий ҳуқуқий оқибатларга олиб келади. Бу эса биздан ерларимизга ва қонунларимизга ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб этади.
Матлуба Мирзаабдуллаева,
Тошкент давлат юридик университети доценти.