
Бугун, 2 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлигида жорий йилнинг 5-10 ноябрь кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтадиган “Бош вазир кубоги” мусобақаси олдидан ташкилий қўмита аъзолари ва тегишли ташкилотларнинг мутахассислари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда бундан уч йил олдин асос солинган мазкур футбол турнирини юқори савияда ўтказиш, жамоаларнинг талабномаларини тақдим этиш, ўйинларни бошқариб борадиган ҳакамлар ва бошқа бир қатор масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
- Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш ҳамда давлат идораларида хизмат қилаётган ходимларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни оммавий спорт машғулотларига кенг жалб этиш борасидаги тарғибот ишларини янада кучайтириш мақсадида ўтказилаётган турнирга бу гал ҳар қачонгидан ҳам қизиқиш катта бўлмоқда.
Боиси, ҳозиргача мусобақаларда қатнашиш истагини билдириб, мурожаат этган давлат ташкилотлари 70 тани ташкил этмоқда. Бу, оммавий футбол байрами бўлган ўйинлар натижасида доимий тарзда ақлий меҳнат билан машғул бўлган 2 минг нафардан зиёд инсонлар жисмоний машғулотларга кенг жалб этилади, соғломлаштирилади деганидир, - деди Туризм ва спорт вазирлиги ходими Отабек Эшмаматов.
Мусобақа дастурига биноан баҳслар олимпия тизимида ўтказилади. Кубок ўйинларига қуръа ташлаш маросими 4 ноябрда, илк саралаш ўйинлари 5-8 ноябр кунлари, финал ўйини эса 10 ноябрда бўлиб ўтади.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутахассисларининг билдиришича, “Бош вазир кубоги”нинг финал ўйинини ҳакам сифатида мамлакат футбол ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов бошқариб бориши кутилмоқда.
Т. Рўзиев, ЎзА