Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида мутасаддиларга бир ой муддатда ҳар бир ҳудудда камида 3 тадан ер майдонларини аниқлаб, жами 40 та уй-жой массиви барпо этиш бўйича танловларни бошлаш топшириғи берилди.
Бунда ерлар очиқ аукционга чиқарилади ва қайси тадбиркор уйнинг нархини арзон қилиб бериш мажбуриятини олса унга афзалликлар берилади.
Масъулларга бир ой муддатда комплекс ривожлантириш тамойили асосида ушбу ҳудудларнинг бош режа лойиҳасини ишлаб чиқиш, вилоят ҳокимлари билан бирга, йил якунига қадар “Шаффоф қурилиш” платформасида юқори ўринлардаги қурилиш корхоналари ўртасида танлов ўтказиб пудратчиларни аниқлаш вазифаси топширилди.
“Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш учун, келгуси йилда 15 триллион сўм ажратилиши зарурлиги айтилди. Бунда:
- кўп қаватли уй-жой қурилишини инвесторлар ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширади;
- давлат ер ажратиш ва аҳолига ипотека кредитини бериш мажбуриятини олади;
- ипотека кредитини бериш учун банкларга бюджетдан аукцион асосида ресурс ажратилади. Бунга Молия вазирлиги томонидан 20 йил муддатга 11 триллион сўм йўналтирилади;
- Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ва Молия вазирликлари эҳтиёжманд аҳолига субсидия бериладиган уй нархини белгилайди;
- 2022 йилда эҳтиёжманд 10 мингта оилага бошланғич бадал ва фоизларни субсидиялаш учун бюджетдан 1,5 триллион сўм ажратилади.
Йиғилиш давом этмоқда.
ЎзА