
Мамлакатимизнинг Латвия Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Қадамбай Султонов Болтиқбўйининг ушбу олис мамлакатидаги Ўзбек маданияти маркази раҳбари Алим Абдусаидовга «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишонини тантанали тарзда топширди.
Элчихона маълумотига кўра, Алим Абдусаидов узоқ йиллардан буён Ўзбекистон ва Латвия халқлари ўртасидаги дўстлик муносабатлари ривожи, халқимизнинг бой маданияти, анъаналари ва қадимий тарихини Латвия жамоатчилиги орасида оммалаштиришга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. У Латвияда ватандошлар орасида катта ҳурмат қозонган.
А.Абдусаидов икки мамлакат ўртасидаги халқ дипломатиясини қўллаб-қувватлашда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. У бундай юксак эътиборга сазовор бўлиш катта шараф эканини билдирди.
— Камтарона меҳнатимга бундай юксак баҳо берилгани учун Ўзбекистон раҳбариятига самимий миннатдорлигимни билдираман, - деди Латвиядаги Ўзбек маданият маркази раҳбари А.Абдусаидов. - Бу мукофот Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги халқ дипломатиясини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларимни янада фаоллаштиришга ундайди.
Ҳа, дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташқи сиёсат борасида кенг йўлга қўйилган "халқ дипломатияси" эллар, миллатлар, мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, аҳиллик, ўзаро ҳамжиҳатлик ришталарини тобора мустаҳкамлашга пухта замин яратмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА