
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Кun.uz электрон нашри ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллигига бағишлаб ўтказилган тезкор шахмат мусобақасида ўттиз нафар журналист ва блогер ўзаро беллашди.
Тошкент шаҳридаги «Старт» спорт мажмуасида юқори савияда ташкил этилган ақл ўйини халқаро стандартлар асосида ўтди.
Тадбирда журналистлар, шахматда ўз кучларини синашди. Турнир самимий мулоқот, кўтаринки кайфиятда ўтди.

–Шахмат тафаккур жанги, – дейди журналист Ҳусан Карвонли. – Шунинг учун шахматда дона суриб туриш керак. Яқингача устоз журналистлар ўтказилиб келинадиган шахмат мусобақалари тўхтаб қолган эди. Ушбу турнирда тажрибали журналистлар билан бирга ёш журналист ва блогерлар иштирок этгани қувонарли. Сафимиз кенгаймоқда. Устозлар бошлаб берган ушбу анъана бардавом бўлишини истар эдим.

Мусобақада биринчи ўрин «Муштум» журнали бош муҳаррири Носиржон Тошматовга, иккинчи ўрин шу нашр ходими Муродилла Холёровга, учинчи ўрин эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Асрор Мўминовга насиб этди.
Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг пул мукофоти, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
З.Мирзабоева, ЎзА