Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида улуғ адиб Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий ҳақидаги ҳужжатли фильм премьераси бўлиб ўтди.
Кинокартина Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ДУК ҳамда Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамкорлигида суратга олинган.
"Огаҳий" фильми Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил Адиблар хиёбонига ташрифи давомида берилган топшириқлари асосида "Халқ юраги" номи остида яратилган 24 қисмли туркум фильмлардан биридир.
[gallery-3866]
Сценарий муаллифи Гўзалой Матёқубова, постановкачи режиссёр Муроджон Одилов, оператор Сейран Ковалов, картина директори Ойбек Содиқов.
– Тошкент давлат шарқшунослик университети Кинематография агентлиги билан Огаҳий ҳақидаги ҳужжатли фильмни яратишга қўл урди, – деди Тошкент давлат шарқшунослик университети проректори Қудрат Омонов. – Аҳамиятли жиҳати шундаки, бугунги ёш авлод ушбу фильм орқали улуғ аждодимиз ҳаёти ва ижодий фаолияти билан яқиндан танишишга муваффақ бўлади. Қайд этиш керакки, буюк мутафаккир Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудига 211 йил тўлди. Буюк тафаккур эгаси, улкан шоир, хассос тарихчи, забардаст таржимон, давлат арбоби Огаҳийдан беқиёс ўлмас мерос қолган. Адиб, ижодининг бетакрор олами, тарихий ва таржима асарлари ҳозиргача ўзбек ўқувчиларининг севимли асарлари қаторида туради. Тошкент давлат шарқшунослик университети жамоаси олдида “Огаҳий ҳаёти ва ижоди – ёшлар тарбияси учун намуна” йўналиши бўйича шарафли ишларни амалга ошириш вазифаси юклатилган. Мухлислар эътиборига ҳавола этилган ушбу фильм қаторида университет жамоаси адиб ҳақида кўплаб илмий мақолалар, маънавий- маърифий тадбирлар ташкил этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча Алишер Навоий, Бобур, Абдулла Орипов, Ғафур Ғулом каби фильмлар премьераси бўлиб ўтган эди. 29 сентябрга қадар Чўлпон, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф, Зулфия ва бошқа адиблар ҳақидаги фильмлар намойишлари ўтказилиши кутилмоқда.
Барча премьералар Тошкент халқаро кинофестивали доирасида ташкил этилаётир.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА