
Моҳларойим келажакда таржимон бўлмоқчи. Бу борадаги тинимсиз ўқиб-изланиши натижасида орзуси ушаладиган бўлди. У Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига шартнома асосида ўқишга қабул қилинди.
Афсуски, отаси оғир дард билан оламдан ўтиб кетгач, ёлғиз онаси ўқитувчиликдан топган маошига рўзғор тебратади. Моҳларойимнинг икки нафар вояга етмаган укалари бор. Ушбу ҳолатда унинг шартнома асосида ўқиши...
Давлатимиз раҳбарининг талаба ёшларни ўз устида мунтазам ишлаш ва илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланишга ундаш, уларнинг истеъдодларини намоён этиш ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш, билимли ва иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йил 9 сентябрда қабул қилинган “Республика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланаётган иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони Моҳларойим каби ёшларнинг қалбига ўзгача умид бағишлади.
Мазкур ҳужжатга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Президенти давлат стипендияси квотаси:
– таянч докторантурада таҳсил олаётган докторантлар учун 10 та;
– магистратура босқичи талабалари учун 22 та;
– бакалавриат босқичи талабалари учун эса ҳар бир ОТМга 1 тадан этиб белгиланди.
Шунингдек, Қорақалпоғистондаги ОТМЛарда таҳсил олаётган иқтидорли талабаларга Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қаипбергенов ҳамда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов номли давлат стипендиялари жорий этилди.
Эндиликда Президент ва бошқа давлат стипендиялари давлат ОТМларининг қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган ҳамда республикада фаолият юритувчи хорижий ОТМларнинг филиаллари ва нодавлат олийгоҳларнинг бакалавриат босқичи талабалари учун ҳам татбиқ этилади.
Тизимида олий таълим муассасаси мавжуд вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва бошқа давлат стипендиялари танловларининг дастлабки босқичи олий таълим муассасалари томонидан шаффоф, адолатли ва юқори савияда ўтказилиши таъминланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА