
Матбуот, оммавий ахборот воситаларининг ўзига хос хусусиятларидан бири шуки, уни мутолаа қила туриб, бугун одамлар нима ташвиш билан яшаётгани, дунёни нималар безовта қилаётгани сезиб, ҳис этиб турасиз.
Юртимизда чиқадиган газеталар президент сайлови жараёнига ва Мустақилликнинг 30 йиллик йўл солномасига кенгроқ эътибор қаратаётгани билан эътиборни тортади.
“Янги Ўзбекистон” газетасининг бугунги сонида эълон қилинган “Қашқадарё – оташ заминдан яралган диёр” саҳифасини ўқиб туриб, Қашқадарёда юз бераётган ўзгаришларни ва ушбу воҳа мисолида бутун Ўзбекистонда рўй бераётган янгиланишларни тасаввур қиласиз. “Эксперт гуруҳлари имзо варақаларини текширишга киришди” мақоласи сиёсий жараёнларнинг қизғин паллага кирганидан далолат беради. “Kovid – 19: вакцинация – эришилган ютуқлар, истиқболдаги режа ва мақсадлар” мақоласи эмлаш – касалликнинг олдини олишда энг мақбул йўл, чора эканлиги ҳақидаким, газетхон қизиқиб ўқийди.
“Халқ сўзи” газетаси саҳифалари одатдагидек, қизиқиқарли, бугунги куннинг муҳим масалалари акс этган мақолаларга бой. БМТнинг гиёҳванд моддаларга қарши курашиш бўйича махсус дастури мамлакатимиз пойтахти Тошкентда имзолангани ҳақидаги мақола Ўзбекистон очиқ мамлакатга айланиб бораётганига яна бир мисол бўлиши мумкин. Газетадан ўрин олган “Шавкат Мирзиёев – Янги Ўзбекистон ислоҳотлари меъмори” мақоласи ҳам ўзгараётган юртимиз ва унинг ислоҳотчи йўлбошчиси ҳақида. “Ғолиблик туйғуси балқиган чоғлар...”, “Жаҳон таълим майдонига киришга йўналтирилган янги тизим” каби мақолалар ҳам ўқувчи эътиборини ўзига тортади.
“XXI asr” газетасининг бугунги сони барча ўзбекистонликлар эътиборида десак, янглишмаймиз. Газетада кеча Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съезди бўлиб ўтгани, унда Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод қилиб кўрсатилгани ва номзоднинг съездда сўзлаган нутқи берилган. Газета саҳифаларидан ўрин олган “Бугунги кун қаҳрамонлари!”, “Баҳодир Йўлдошев: ўзбек театри Ҳамзасиз юзга кира оларканми?” каби мақолалар ҳам газетхон эътиборида бўлади.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг маънавий-маърифий ҳаётимизда алоҳида ўрни бор. Газетанинг бугунги сонини ўқиб, яна бир бор кўнгилдан кечган бу фикрларга ишонч ҳосил қиласиз. Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуровнинг “Отамнинг тандирлари” хотира-эссесини завқ билан ўқийсиз. Зикрилла Неъмат ва Зебо Омоноваларнинг шеърлари, ёш адиб Холиёр Сафаровнинг “Айритомнинг виждони” ҳикояси ўз ўқувчисини топишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Газета саҳифаларидан ўрин олган бошқа маърифий мақолалар ҳам кўнгилга яқин, мутолаа қилсангиз, афсусланмайсиз.
“Адолат” газетаси ҳам президент сайлови жараёнларига кенг эътибор қаратган. “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси Баҳрам Абдуҳамидовнинг партия x қурултойидаги маърузаси бўлажак сайловчилар эътиборини ўзига тортиши турган гап. Газетанинг охирги саҳифасидан ўрин олган” Бугун кўчада қолган талабадан... эртага нима кутамиз?” мақоласи бошланган янги ўқув йили муаммоларига бағишланадики, айниқса, талаба ёшлар, уларнинг ота-оналари, юртдошларимизни бефарқ қолдирмайди.
“Ватанпарвар” – том маънода Ватанга муҳаббат туйғусини тарғиб қилувчи газета. Бир қараганда, ҳа, – бир тармоқ газетаси-да, дейишингиз мумкин. Аммо, шошилмай, газетани варақлаб, унда ёритилган масалалар, кўтарилган муаммоларни кўрсангиз, бу сизнинг ҳам газетангиз эканлигини ҳис эта бошлайсиз. Бунинг учун “ARMI – 2021”: ғолиб жамоаларимиз юксак натижа кўрсатди”, Фахриддин Ҳайитнинг “Она тили шарафи” мақоласи, Эркин Аъзамнинг “Шовқин”и ҳақидаги саҳифа, “Қатағондаги муҳаббат”, “Уруш йилларида Ўзбекистон олимларининг ўрни...” ҳар бири – фикримизга далил. “Ватанпарвар”нинг бугунги сонидан ўрин олган бошқа мақола, хабар ва репортажлар ҳам ранг-баранглиги ва қизиқарлилиги билан диққатга сазовор.
Бугунги газеталарни ўқинг, янги кун ҳавосидан нафас олинг...
А.Нарзуллоев, ЎзА