1141 йил (бундан 880 йил олдин) – қорахонийлар ва салжуқийларнинг бирлашган қўшини билан қорахитойлар ўртасидаги машҳур Қатвон жанги бўлиб ўтди.
Самарканд яқинида бўлган бу жангда қорахитойлар қўшини Султон Санжар қўшинини тор-мор келтирган. Қорахитойлар томонидан Самарканд ва Бухоро шаҳарлари босиб олинган.
1151 йил (бундан 870 йил олдин) – “Абу Ҳанифа ас-Соний” (Иккинчи Абу Ҳанифа) номи билан машҳур бўлган аллома Жамолиддин Убайдуллоҳ ибн Иброҳим таваллуд топди (вафоти 1233 йил). Унинг “Шарҳ ал-Жомиъ ас-сағир” ва “Китаб ал-фуруқ” номли асарлари бор.
1918 йил (бундан 103 йил олдин) – Туркистон республикаси ҳукумати “Умумий меҳнат мажбуриятини ҳаётга татбиқ этиш тўғрисида” қарор қабул қилди. Янги адабиётларда берилишича, ана шу қарорга мувофиқ “меҳнат билан шуғулланмайдиганлар”ни зўрлик билан жамоат ишларига жалб этишга.
1920 йил (бундан 101 йил олдин) – Туркистон республикаси ҳукумати “Концентрацион лагерларни ташкил этиш тўғрисидаги Низом”ни тасдиқлади. Бу қанчадан-қанча инсонларни, шу жумладан, мутлақо айбсиз кишиларни суд ва тергов қилмасдан қамаб қўйиш учун кенг йўл очилганидан, бундан буён большевикларнинг тоталитар тартиботи ўлкада давлат сиёсати даражасига кўтарилганидан далолат берарди.
1932 йил (бундан 89 йил олдин) – режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Мақсуд Юнусов таваллуд топди (вафоти 2020 йил). У Ўзбекистон телевидениесида видеофильм жанрининг асосчиларидан бири ҳисобланади. Мақсуд Юнусов 2002 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
1993 йил (бундан 28 йил олдин) – Москвада Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонасида Ўзбекистон билан Аргентина ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Протокол имзоланди.
1999 йил (бундан 22 йил олдин) – Тошкентда “Ўзбекистон – Эрон” дўстлик жамиятининг таъсис мажлиси бўлиб ўтди.
2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2020 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади
ЎзА