
Юртимиз бўйлаб истиқлол шукуҳи кезаётган айни кунларда ҳар бир ҳудудда Ватанимиз мустақиллигининг шонли 30 ёши катта шодиёна қилинмоқда, юртдошларимиз қиёфасида байрамона кайфият ҳукмрон.
Маълумки, байрам муносабати билан мамлакатимиз равнақига ўз меҳнати ва фаолияти билан ҳисса қўшган ва қўшаётган кўплаб ватандошларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Улар орасида Ўзбекистон халқ артисти, таниқли актриса, дубляж санъати устаси, айни пайтда “Ўзбекфильм” киноконцерни” давлат унитар корхонасининг дубляж бўлими бадиий раҳбари Мукамбар Раҳимова ҳам бор.
Мукамбар Раҳимова 1941 йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг актёрлик, кейинчалик режиссёрлик факультетида таълим олиб, 1964 йилдан “Ўзбекфильм” киностудиясида меҳнат фаолиятини бошлаган.
Маҳоратли ижодкор 13 ёшидан дубляж, телеспектаклларда қатнашиш билан биргаликда, «Дугоналар», «Табассум», «Ватандош», «Яхши кайфият» каби радиожурналларида бошловчилик ҳам қилган. Мукамбар Раҳимова «Оловли йўллар», «Ёлғиз ёдгорим», «Лайлак келди, ёз бўлди», «Ой бориб, омон қайт» фильмларида роллар ижро этган.
Режиссёр сифатида «Интилганга толе ёр», «Хаёлпараст», «Гувоҳсиз суҳбат», «Номаълум аёл мактуби», «Қасоскорнинг олтин боши» каби радиопостановкаларни саҳналаштирган. Дубляжда «Оқ шудринг», «Игна», «Менинг Миом, Мио», «Шаҳризоданинг янги эртаклари», «Зомбе», «Дельфин ҳайқириғи», «Уч қиролнинг тўқнашуви»,«Куннинг аёли» ва бошқа кўплаб асарларга режиссёрлик қилган.
Актриса бу йил 80 ёшни қарши олди, аммо ижодда, санъатдаги фаолиятида тўхтаб қолгани йўқ, ҳаёти, фаолияти давомида орттирганларини ёш авлодга ўргатишда давом этмоқда.
Мукамбар Раҳимова ижодий фаолияти давомида кўплаб орден, медаль ва турли мукофотлар билан тақдирланган. 2002 йил "Ўзбекистон халқ артисти" унвони билан мукофотланган. Мустақиллигимизнинг 30 йиллик тўйи олдидан эса санъаткор “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Ана шундай қўшалоқ байрам, қувончли кунларда уларнинг қалб кечинмалари, ўй-фикрлари билан қизиқдик.
– Ватанимизнинг шонли 30 йиллик тўйи барчамизга муборак бўлсин. Илоҳим, юртимизда тинчлик-хотиржамлик, файзу барокат, фаровонлик, барқарорлик ҳукмрон бўлсин, Ватанимиз кўркига, ривожига кўз тегмасин,– дея эзгу тилаклар билдирди Мукамбар Раҳимова.
– Мустақиллик йилларида маданият, санъат соҳасига жуда катта эътибор қаратилди. Бугун санъатга кириб келаётган ёшлар агар ўзида ҳақиқатдан ҳам иқтидори, истеъдоди бор бўлса, ўзини кўрсатаётган бўлса, ўз ўрнига, ўз йўлига эга бўлиб бормоқда, давлат томонидан қўллаб-қувватланяпти, мукофотланяпти. Бугун давлат мукофотларига муносиб кўрилаётган юртдошларимизга, айниқса, ёшларга ҳавас билан қараб айтаманки, бу мукофот аслида уларнинг келгуси фаолияти учун “аванс”.
Яъни, шу пайтгача қилган ишлари, эришган натижаларига қараб уларга юксак ишонч билдириляптики, бундан кейин ўз соҳасида янада ўзини кўрсатиб, юрт равнақига ҳисса қўшиши керак, ёшларни ўз орқасидан эргаштириши керак, устоз сифатида ўзида борини кейинги авлодга ўргатиши лозим. Нафақат санъатда, балки барча соҳада ҳам инсон хасислик қилмасдан бор тажрибасини, билимини ёшларга ўргатса, шунда барча соҳада ўсиш, ривожланиш бўлади.
Келажак — ёшлар қўлида, дейилади. Ҳар доим шундай бўлган. Биз ёш вақтимизда ҳам келажак ёшларники, дейишарди. Ҳақиқатан ҳам эртанги кунимиз бугунги ёшларга боғлиқ. Шундай экан, уларни тўғри тарбиялашимиз лозим, юртига садоқатли, давлатга сидқидилдан хизмат қиладиган, самимий инсон, ватанпарварлик, инсонпарварлик туйғуси билан вояга етказиш вазифамиздир.
Менга берилган давлат мукофоти зиммамга ана шундай вазифаларни юклайди.
Муҳтарама Комилова, Ёқуб Мелибоев (сурат), ЎзА