1914 йил (бундан 107 йил олдин) – Ўрта Осиё жадидчилик ҳаракатининг йўлбошчиси, XX аср ўзбек миллий матбуоти ва янги усулдаги миллий мактаб асосчиси Мунавварқори бошчилигидаги бир гуруҳ тараққийпарварлар “Нашриёт” ширкатини туздилар.
Бу ширкатни тузишдан мақсад газета, журнал ва китоб нашр қилиш йўли билан аҳолини маърифатлаштириш, шунингдек, Европа маданияти ютуқларидан баҳраманд этиш эди.
1919 йил (бундан 102 йил олдин) – Москвада Туркистон давлат университети очилди. 1919 йилнинг ноябрида бу университетни Тошкентга кўчиришга киришилди. Туркистон халқ университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг Тошкентдаги бўлинмаси билан Москвадаги қисми бирлаштирилди.
1957 йил (бундан 64 йил олдин) – республиканинг бир қатор жонкуяр, илғор зиёлилар қатлами вакиллари ташаббуси билан Ўзбекистон ҳукуматининг қарори асосида Моддий маданият ёдгорликларини муҳофаза қилиш бўйича қўмита ташкил этилди. Ушбу қўмита қошида кенгаш тузилиб, унинг таркибига тарихчи, археолог олим Яҳё Ғуломов; археолог, тарихчи, шарқшуноc Михаил Массон; математик олим, академик Тошмуҳаммад Қори-Ниёзий; санъатшунос, археолог олим Галина Пугаченкова каби етук олимлар кирган эди.
1968 йил (бундан 53 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Моддий маданият ёдгорликларини муҳофаза қилиш бўйича қўмита Ёдгорликлар ва тасвирий санъатни муҳофаза қилиш бўйича бош бошқармага айлантирилди.
1995 йил (бундан 26 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнат шуҳрати” орденини таъсис этиш тўғрисида”, “Шон-шараф” орденини таъсис этиш тўғрисида” Қонунлари қабул қилинди.
1995 йил (бундан 26 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ч. Айтматовни Ўзбекистон Республикасининг «Дўстлик» ордени билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга асосан, халқлар ўртасида инсонпарварлик ва умуминсоний қадриятларга асосланган дўстлик ва ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун ёзувчи, таниқли жамоат арбоби Чингиз Айтматов “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
1996 йил (бундан 25 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасида ноширлик фаолияти соҳасидаги муносабатлар ушбу қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.
1997 йил (бундан 24 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонун аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради. Мазкур Қонуннинг талаблари атир-упа, пардоз-андоз моллари ва тамаки маҳсулотларига ҳам тааллуқли.
2000 йил (бундан 21 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Жалолиддин Мангуберди орденини таъсис этиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур орден билан мамлакат мустақиллигини, Ватан сарҳадларини, она юрт тупроғини ҳимоя қилишда ҳамда уни кўз қорачиғидай асрашда юксак ҳарбий маҳорат, қаҳрамонлик ва жасорат намуналарини кўрсатган, давлатимизнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган қўмондонлик таркибига кирувчи ҳарбий хизматчилар мукофотланадилар.
2001 йил (бундан 20 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”, “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида” Қонунлари қабул қилинди.
2001 йил (бундан 20 йил олдин) – Тошкент шаҳрида Академик драма театри (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри) янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
2002 йил (бундан 19 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонуннинг мақсади қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2003 йил (бундан 18 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Банк сири тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади банк сирини ташкил этувчи маълумотларни олиш, сақлаш, муҳофаза қилиш, эълон қилиш ва тақдим этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2010 йил (бундан 11 йил олдин) – Бухорода баландлиги 18 метр бўлган “Кўҳна ва боқий Бухоро” монументи қад рослади. Монумент марказида уч авлод – бахтиёр ёш оила – ота, она ва бола, ниҳол ўтқазаётган бобо ва набира ҳамда уй қураётган ота ва ўғилнинг барельефли ҳайкаллари акс эттирилган. Бунда чуқур фалсафа бор: ҳаёт абадий, умр ўткинчи, инсоннинг эзгу амаллари мангу қолади, бу дунёда инсон эзгу ишлар қилмоғи лозим, фарзандлари келажаги ва эл-юртининг эртасини ўйламоғи даркор. Обида тепасига баландлиги 5 метр, вазни 32 тоннадан иборат бўлган айланиб турувчи улкан Ер шари ўрнатилган. Унда Ўзбекистон харитаси тасвирланган.
2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида космик фаолиятни ривожлантириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги ташкил этилди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади
ЎзА