1377 йил – Амир Темурнинг тўртинчи ўғли Шоҳруҳ Мирзо дунёга келди. Тарихчи олим Турғун Файзиевнинг нақлга таяниб қайд этишича, Шоҳруҳ Мирзо туғилиши билан бу хушхабарни Амир Темурга етказмоқ учун Саройга хабарчи юборадилар. Айни шу аснода соҳибқирон шатранж (шахмат) ўйини билан машғул бўлиб, қўлини «руҳ» донасига чўзганда, хабарчи кириб янги меҳмон дунёга келгани ҳақида хушхабарни етказади. Соҳибқирон қўлида ушлаб турган «руҳ» донасига боқаркан, мийиғида кулиб исми «Шоҳруҳ» бўлсин деган экан.
1883 йил (бундан 138 йил олдин) – Россиядан Тошкентга князь Витгенштейн келди ва бу ерда Бухоро амирининг валиаҳди Саид Абдулаҳад Тўра билан учрашувлар ўтказиб, унга Россия подшоси совғаси бўлган олтин қилични топширди.
1913 йилнинг – Беҳбудий «Ойна» журналини нашр эта бошлади. У ҳафтасига бир марта нашр қилиниб, унда асосан ўзбек тилидаги мақолалар босилган, шунингдек, форс тилидаги шеър ва мақолалар, рус тилидаги эълонлар ҳам чоп этилган. Журнал тарихи ва муаллифи ҳаётини жиддий тадқиқ этган олим Бегали Қосимов «Журнал дастлаб ҳафтасига бир марта, 1914 йилдан бошлаб эса, 15 кунда бир марта чиққан. Кавказ, Татаристон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Туркия каби давлатларга ҳам тарқатилар эди», – деб ёзади.
1932 йил – иқтисодчи олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Мурод Шарифхўжаев таваллуд топди. У 1994–1995 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари ва Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитаси раиси бўлган. Унинг илмий ишлари Ўзбекистонда капитал қурилиши, иқтисодий назария, республиканинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни эркинлаштириш, халқ хўжалигида таркибий ўзгаришлар, ташқи иқтисодий алоқалар, аҳолини иш билан таъминлаш ва бошқа масалаларга бағишланган.
1998 йил (бундан 23 йил олдин) – Беруний шаҳрида буюк олим Абу Райҳон Беруний музейи биносининг пойдеворига биринчи ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди.
1999 йил – «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида», «Телекоммуникациялар тўғрисида», «Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида» Қонунлар қабул қилинди.
2009 йил – юртимизда миллий давлатчиликни шакллантириш, мустақил ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, давлатлараро ҳамкорлик, халқлар ўртасидаги дўстлик муносабатларини ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси, эзгу анъаналарни сақлаш, маданий, маънавий-маърифий ҳаётимизни юксалтириш, ёш авлодимизни Ватанга муҳаббат, миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш борасидаги улкан хизматлари учун ҳамда 2200 йиллик юбилейи муносабати билан Тошкент шаҳрини «Мустақиллик» ордени билан мукофотлаш тўғрисида Президент фармони қабул қилинди.
2010 йил – Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг Бухоро филиали ташкил этилди.
Алишер ЭГАМБEРДИЕВ тайёрлади.