1231 йил (бундан 790 йил олдин) – Хоразмшоҳларнинг бутун умри хавф-хатар ва жангларда ўтиб, тинчлик ва хотиржамликни билмаган сўнгги ҳукмдори, моҳир саркарда Жалолиддин Мангуберди Курдистон тоғида бир курд кишиси томонидан ўлдирилди (айрим адабиётларда унинг 17 ва 20 август оралиғида ҳалок бўлгани қайд этилган).
Бу хусусда туркиялик олим Ойдин Тонарий шундай ёзади: “Султоннинг ўлими тўғрисида тарихчилар берган маълумотлар аксарият бир-бирига ўхшашдир. Фикримизча бу масалада Насавий билан Жувайнийнинг маълумотлари энг тўғрисидир.
Мўғулларнинг 15 суворийси Султонни таъқиб қилишга тушди. Улардан иккитаси унга етиб олди. Султон бир ҳамлада уларнинг икковини ҳам ўлдирди ва яна қочди. У баланд тоққа тирмашди ва қароқчи курдларга дуч келди. Курдлар уни ўлдирмоқчи бўлганларида Султон уларнинг бошлиғига: “Мен Султонман. Мени ўлдиришга шошилманг. Мени ё Малик Музаффар Шаҳобиддин ҳузурига ёки мени ўлкаларимдан бирига олиб бор, сени амир қилиб тайинлайман”, деди.
Қароқчилар бошлиғи иккинчи таклифни қабул қилди ва Султонни ўз овулига олиб кетди. Сўнг у Султонни хотинига топшириб, от топиб келиш учун кетди. Бироқ кўп ўтмай найза кўтарган бошқа бир курд кириб келди ва хотиндан: “Бу хоразмлик ким? Уни нега ўлдирмаяпсизлар?” деб сўради. Хотин: “Хўжайиним унга омонлик берди. Чунки у Султон эканинин сўзлади”, деди. Курд: “Бу гапга қандай ишониш мумкин? Улар Охлатда бундан ҳам азизроқ укамни ўлдирдилар”, деди ва бир найза зарби билан Жалолиддинни ўлдирди”.
1866 йил (бундан 155 йил олдин) – Оренбург генерал-губернатори Н.Крижановский “Бухоро масаласи”ни ҳал этиш учун иккинчи марта Тошкентга келди. Н.Крижановский амир билан тўғридан-тўғри муносабат ўрнатиб, тинчлик битими тузиш хусусида унга император томонидан ваколат берилгани ҳақида айтиб, бухоролик элчини Тошкентга ўзаро муносабатларни ойдинлаштириш учун юборишни сўради.
1910 йил (бундан 111 йил олдин) – Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II Ферузни дафн қилиш маросимлари ўтказилгач, унинг ўғли Асфандиёрхон Полвон ота мақбарасида тўпланган уламолар олдида шариат бўйича давлатни бошқаришга қасамёд қилди. Хоразмдаги қадимий анъаналарга кўра турли муҳим масалаларни ҳал қилишда хон олдида 32 та амалдор бўлмоғи керак эди. Асфадиёрхон 33 мансаб – “Вазири акбар” (бош вазир) лавозимини жорий қилди ва унга Исломхўжа Иброҳим хўжа ўғлини тайинлади. Исломхўжа вазирлик лавозимида 1899 йилдан бери ишлаб келаётган эди.
1937 йил (бундан 84 йил олдин) – Ўзбекистонда қатағон сиёсати бўйича ҳукм чиқарган “учлик”нинг шу кунги йиғилишида маърифатпарвар, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Шарифбой Худойбердиев – Сўфизода тақдири ҳал бўлди. Унга муҳожиротдан келгач, “чет эл разведкаси топшириғига кўра, “Миллий истиқлол” аксилинқилобий ташкилотига кирган, фаол аксилинқилобий фаолият олиб борган, “босмачилик”ни қўллаб-қувватлаган, аксилинқилобий гуруҳлар ташкил этишда ташаббус кўрсатган, шахсан ўзи ёзган аксилинқилобий шеърларини тарқатган”, деган айб қўйилди. Ана шу тўқима айби учун машҳур шоир Сўфизода қатл этилди.
1939 йил (бундан 82 йил олдин) – Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом таваллуд топди (вафоти 2020 йил). У лиро-эпик жанрларда самарали ижод қилиб, Бобур, Машраб, Чўлпон, Миртемир, Усмон Носир, Саида Зуннунова, Муҳаммад Юсуф сингари сиймоларга бағишланган достон ва лирик қиссалар ёзган. У 2003 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
1989 йил (бундан 32 йил олдин) – “Қишлоқда яшовчи ҳар бир оилани томорқа ер билан таъминлаш, уларга якка тартибда уй-жой қуриш учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш ҳақида” қарор қабул қилинди. Қарорда қишлоқда яшовчи ҳар бир кишига ўртача 25 сотихдан ер ажратиб бериш ва томорқа майдонларини қарийб 4,5 баробар кўпайтириш кўзда тутилган эди.
2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қўқон университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади.
ЎзА