1915 йил (бундан 106 йил олдин) – график рассом, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Қорақалпоғистон халқ рассоми Игорь Савицкий таваллуд топди (вафоти 1984 йил).
Унинг ижоди бадиий тасвир услубининг дадиллиги, бўёқ қатламининг дағал ётқизилиши билан ажралиб туради; оқиш ранглар уйғунлиги (жигарранг, қовоқ ҳамда сабзи ранг ва бошқалар)ни афзал кўрган рассом асарларида жануб табиати, Қорақалпоғистон манзаралари ўзининг ёрқин аксини топган. Рассомнинг саъй-ҳаракатлари натижасида ташкил топган Қорақалпоғистон санъат музейига Савицкийнинг номи берилган. У 2002 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.
1950 йил (бундан 71 йил олдин) – спортчи, самбо бўйича икки карра жаҳон чемпиони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи Сайфуддин Ҳодиев таваллуд топди. У самбонинг 48 ва 52 кг вазн тоифаларида бир неча марта Ўзбекистон чемпиони, шунингдек, эркин кураш бўйича спорт устаси, Ўзбекистон чемпиони, дзюдо бўйича спорт устаси, халқаро мусобақа ғолиби ҳисобланади.
2000 йил (бундан 21 йил олдин) – Тошкент ислом университети қошида очилган “Зиё” студиясининг илк “Эътиқод мустақиллиги йўлида” кўрсатуви Ўзбекистон телевидениесининг Биринчи канали орқали намойиш этилди.
2010 йил (бундан 11 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2030 йил давригача Қўқон шаҳрининг бош режасини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2018 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳарбий-маъмурий секторларни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади.
ЎзА