Кун тарихи: 3 август санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни
1200 йил (бундан 821 йил олдин) – ҳижрий 596 йил шаввол ойининг йигирманчи куни (милодий 1200 йил 3 августда) пойтахт Гурганжда Хоразмшоҳлар давлатининг янги султони Қутбиддин Муҳаммад тантанали равишда тахтга ўтирди. Кейинчалик у отасининг тахаллуси – Оловуддин номини ҳам олди. Хоразмшоҳ Оловуддин Қутбиддин Муҳаммад ўз ҳукмронлигининг дастлабки давриданоқ ички ва ташқи сиёсатда қатор муаммоларга дуч келди.
1586 йил (бундан 435 йил олдин)– Тошкент ҳокими Дўстим султон, Андижон ҳокими Исфандиёр султон, Ҳисор ҳокими Ўзбекхон ва Самарқанд ҳокими Ибодулла султоннинг элчилари Самарқандда тўпланиб кенгаш ўтказди ва Бухоро хони Абдуллахон сонийга қарши ҳарбий-сиёсий итгифоқ тузди. Орадан кўп вақт ўтмай, Ибодулла султон Абдуллахоннинг йўқлигидан фойдаланиб, Самарқанд теварагидаги туманларни талон-тарож қилди.
1989 йил (бундан 32 йил олдин) – Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани бульдозерчилари Абдуолим Мўминов ва Абдурашид Кенжаевлар Терак қишлоғида ер текислашаётганларида икки хум танга топиб олдилар. Бу топилма чин маънодаги хазинабўлиб, 3850 дона кумуш тангадан иборат эди. Бу хазина жаҳонгир Амир Темур ҳукмронлик қилган йилларда Ўрта Осиё, Яқин ва Ўрта Шаркдаги турли шаҳарда зарб қилинган танга-пуллар эди.
Тарихчи Дилафрўз Қурбонованинг қайд этишича, бу хазинани бульдозерчилар ўз ихтиёрлари билан туман милицияси воситачилигида Яккабоғ туман молия бўлимига топширишган. Молия бўлими раҳбари бу қимматли хазинани ўлка музейига топширмай, унинг асосий қисмини Москвадаги қимматбаҳо буюмларни сақлаш хазинасига жўнатиб юборган.
Тарихчи Ирпон Тўхтиевнинг ёзишича, бу дафинадан олинган икки пудга яқин, яъни 31 кг тангаларнинг бир қисми қўлма-қўл тарқалиб кетган. 1129 дона кумуш танга пуллар аҳолидан йиғиб олиниб, Ўзбекистон тарихи Давлат музейининг нумизматика фондига топширилган. Бу дафина икки номинал (қиммат)даги тангалардан иборат бўлиб, мирилар 575 донани, тангалар эса 554 донани ташкил этган. Мирилар, асосан, Самарқандда 1380 ва 1405-йиллари зарб қилинган бўлиб, улар 562 донани, Хоразмда 1388 ва 1404-йиллари зарб этилган мирилар 11 донани ва Мордин шаҳрида зарб қилингани 2 донани ташкил қилган, ушбу икки мирининг йил саналари ўчиб кетган.
2020 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг миллий статистика тизимини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади
ЎзА