Чиннинг Уҳанида пайдо бўлган коронавирус бугун инсон зотининг қадами етмаган жойларда ҳам ҳозиру нозир.
Ер юзида бу дарди балога йўлиққан беморлар сони 200 миллион нафарга яқинлашиб қолди. 4 миллиондан зиёд инсон ушбу балонинг қурбонига айланиб улгурди ва бу сон ҳаливери ўсишдан тўхтайдиганга ўхшамайди.
Ўзбекистонда вирус билан оғриганлар сони 125 мингга яқинлашди, қурбон бўлганлар сони ҳам кўнгилни хира қилади. Афсуски, хавф ҳали чекинмоқчи эмас, аксинча, бор кучи билан одамлар умрига чанг солмоқда.
ЖССТ ва маҳаллий мутахассисларимизнинг фикри бир хил: карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш – тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига тўлиқ амал қилиш.
Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабековнинг қайта-қайта таъкидлашига кўра, Республикада касаллик билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолмоқда.
Сўнгги кунларда эмлаш билан боғлиқ ишлар жонланиб кетди. Жамоавий иммунитет ҳосил қилиш, вазият яхши томонга ўзгариши учун 60-70 фоиз аҳоли эмланиши зарур, албатта. Шу кеча-кундузда бу кўрсаткич Буюк Британияда 66 фоизни, Италияда 57, Германия ва АҚШда 55, Францияда 52 фоизни ташкил этаётган бир пайтда Ўзбекистонда аҳоли бошига нисбатан эмланиш фоизи ҳали жуда паст. 35 миллионлик мамлакатнинг энди 6 миллиони эмланган, холос. Кассаликка чап бериш, унга таслим бўлмаслик учун оммавий эмланиш шарт, аммо, карантиннинг олтин қоидалари ҳам борки, бунинг ҳам унутмаслик лозим.
Одамларимиз ниқоб тақишга, у-бу жойларда бўлганда ижтимоий масофага риоя қилаётганларига гувоҳ бўлиб бораяпмиз. Кўп корхона, ташкилотлар масофавий ишлаш тизимига ўтиб ишлашга мослашди.
Катта, оммавий тадбирлар ўтказилишига чек қўйилди. Ёпиқ турдаги овқатланиш масканлари махсус комиссия талабларига риоя қилган ҳолда фаолият олиб бораяпти. Масъулиятни ҳис этган жойларда тартиб-интизом талаб даражасида. Хавфни ҳамма бирдек ҳис қилиб, эҳтиёт бўлиб яшаётгандек.
Пойтахтимиз Тошкентнинг кўрки бўлмиш метрополитенда йўловчилар гавжум. Кишини хавотирга соладиган томони, поездлар қатнови орасидаги оралиқ масофалар 6-7, баъзида 10 дақиқадан зиёдни ҳам ташкил қилаяпти. Бу ўз-ўзидан бекатларда йўловчиларнинг тўпланиб қолишига сабаб бўлаяпти. Эҳтимол, бунинг ўзига хос сабаблари бордир, аммо ҳозирги мураккаб вазиятда қандай сабаб ўзини оқлаши мумкин?.. Бекатларда йўловчиларнинг керагидан ортиқ тўпланиб қолаётгани, кейинги бекатларда метрополитен ходимларининг кўмаги – ҳай-ҳайлаши билан қолиб кетаётган йўловчиларнинг вагонларга илакишиб олиб кетаётгани ҳеч кимни қизиқтираётгани йўқ. Вирус ҳаво томчилари орқали, аҳоли гавжум жойларда юқиши хавфи баландлигини инобатга оладиган бўлсак, метродаги бугунги ҳолат касаллик тарқалиши учун қулай макон экани ойдинлашади.
Назаримизда, соҳага масъул кишилар, айниқса, аҳолини дока ниқоб тақмаслик, ижтимоий масофани сақламасликда айблашни хуш кўрадиган осойишталик маркази мутасаддилари ер ости транспорти хизматидан фойдаланишмайди. Акс ҳолда, ҳеч бўлмаса, вагонларда тирбандлик бўлишининг олдини олишга, оралиқ масофани 2-3 дақиқага қисқартиришга эришган бўлишармиди...
Вирус билан оғриган бемор «ер остига бир сайр қилса» – метрога тушса, неча кишини зарарлаши мумкинлигини йўловчилардан кўра, мутахассислар яхши билишади.
Нега карантин қоидалари метрода амал қилмаяпти ёки метрода вирус бўлмайдими?..
А.Нарзуллоев, ЎзА