
Мексика президенти Андрес Мануэль Лопес Обрадор Америка қитъасида ўрнатилган халқаро муносабатлар тизимини танқид қилиб, Лотинамерика минтақасидаги мамлакатлар учун Евроиттифоққа ўхшаш тузулмани тузиш таклифини илгари сурди.
"Икки асрдан буён давом этиб келаётган ҳукуматларни тайинлаш ёки лавозимидан олиб ташлаш учун кучли давлатларнинг аралашувига чек қўйиш лозим. Ўз ҳукмини ўтказиш, аралашиш, санкциялар, яккалаб қўйиш ва қамал қилиш сиёсатидан воз кечиб, қўшилмаслик ва халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши ҳамда баҳсларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилига ўтиш керак.
Келинглар, қитъамизда ўзаро муносабатларни Жорж Вашингтоннинг “миллатлар бошқа халқларнинг бахтсизлигидан фойдаланмаслиги лозим”, деб айтган ибратли иборалари тамойилида олиб борайлик. Мен тушуниб турибман, бу янги сиёсий ва иқтисодий қарашларни талаб қиладиган жуда мураккаб масала", - деди президент, Лотинамерика ва Кариб давлатлари ҳамжамиятига аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари қаршисида сўзга чиқиб.
Қитъада муваффақиятли интеграция ҳақида сўзлар экан, Андрес Мануэль Лопес Обрадор Мексика, Канада ва АҚШ ўртасида имзоланган савдо-иқтисодий шартномани мисол қилиб келтирди.
Унинг таъкидлашича, минтақавий иттифоқ худди Европа Иттифоқига ўхшаган бўлиши керак.