
Улуғбек Рашитов таэквондочларимиз орасида биринчи бўлиб Олимпия ўйинларининг медалини қўлга киритадиган спортчи бўлиб тарихга кирмоқда.
“Токио–2020” Олимпия ўйинларида -68 кг вазн тоифасида жанг қилаётган ҳамюртимиз бироз аввал ярим финал босқичини ҳам муваффақиятли ўтказиб, олтин медаль учун жанг қилиш имкониятини қўлга киритди. Спортчимиз бу йўлда Босния ва Герцеговина вакили Недзад Хушични 28:5 ҳисобида таслим этди.
Шу тариқа, Улуғбек Рашитов “Токио–2020” Олимпия ўйинларининг камида кумуш медалини нақд қилди ва финалда Буюк Британия – Хитой вакиллари ўртасидаги баҳс ғолиби билан чемпионлик масаласини ҳал қилади.
Бўлажак беллашувда ҳам Рашитовга омад ва зафарлар тилаб қоламиз. Янги Ўзбекистонга янги ғалабалар муборак бўлсин!
ЎзА