
Ўзбекистон илф-фан ва инновациялар соҳасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантирмоқда. Шу жумладан, Татаристон Республикаси Иннополис технопарки билан ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мазкур технопарк раҳбарияти ва унинг бир гуруҳ йирик ҳамкорлари юртимизга ташриф буюриб, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва унинг тузилмалари фаолияти билан танишди.
Инновациялар Миллий офиси бош директори Олимжон Тўйчиев меҳмонларни инновация соҳасида эришилаётган ютуқлар билан таништирди. Ўзбекистон фан, инновация ва технологиялар трансфери соҳасида халқаро ҳамкорлар билан изчил иш олиб борилаётганини сўзлаб берди. Бу жараёнда Татаристон билан ҳамкорликни янада ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этади.
Делегация аъзолари Инновацион ривожланиш вазирлигидаги инновацион ишланмалар ўрин олган кўргазмалар зали ва Инновациялар Миллий офисига қарашли лабораториялар фаолияти билан бевосита танишди.
Ўзбекистон ёш олимлари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳаларга делегация аъзолари катта қизиқиш билдирди.

Кенгайтирилган йиғилишда Иннополис директори ўринбосари В.Галеев Ўзбекистоннинг инновациялар соҳасида эришган ютуқлари ва бунда Инновацион ривожланиш вазирлигининг аҳамияти жуда катта эканлиги ва келгусида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича фикр билдирди.
Тор доирадаги учрашувда инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Иннополис технопарки бош директори ўринбосари В.Галеев ва Иннополис шаҳридаги ИТ парк директори А.Борисовни қабул қилди.
Вазирлик Татаристон билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани, хусусан, Иннополис резиденти “Бипиум” компанияси билан ахборот технологиялари соҳасида лойиҳа амалга оширилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Ўз навбатида, В.Галеев ташриф давомида инновацион ривожланиш соҳасида эришган ютуқларини эътироф этиб, Ўзбекистоннинг тажрибасини ўрганиб ва уни амалда татбиқ қилишни режалаштираётганини маълум қилди.
Ташриф давомида меҳмонлар Олмазор туманида барпо этилаётган Технопарк мажмуаси билан ҳам яқиндан танишди.
Н.Абдураимова, ЎзА