
Кеча ва бугун ярим тунда футбол бўйича Европа чемпионатининг 1/4 финал ўйинларидаги иккита учрашув ўтказилди.
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги "Газпром Арена" стадионида бўлиб ўтган Швейцария - Испания учрашувининг асосий ва қўшимча вақтларида дуранг натижа қайд этилди.
Қизиғи, асосий ва қўшима вақтда Швейцария ва Испания дарвозаларига йўлланган иккала тўпга ҳам швейцарияликлар муаллифлик қилди.

Биринчи бўлимда ўз дарвозасига кутилмаганда гол уриб қўйган швейдцияликлар, иккинчи бўлимда йўл қўйилган хатони тўғрилагандек бўлди.
Испания дарвозасига жавоб голини йўллай олди: 1:1.
Аммо алалоқибат Швейцария пенальтилар сериясида испанларга “йўл беришга” мажбур бўлди.
Ўйиннинг пенальтилар сериясида Испанияга омад кулиб боқди.
Германиянинг Мюнхен шаҳридаги "Альянц-Арена" ўйингоҳида эса Бельгия – Италия тўқнашуви бўлиб ўтди. Жуда катта руҳий босим остида ўтган учрашувнинг биринчи бўлми 2:1 ҳисобида Италия фойдасига ҳал бўлди.
Иккинчи бўлимда бельгияликлар бир қанча голли вазиятларни вужудга келтирган бўлса-да, сўнгги паллада омад улардан юз ўгирди. Биринчи бўлимдаги ҳисоб (2:1) ўзгаришсиз қолди.
Демак, Испания ва Италия кейинги 1/2 финал босқичида. Бугун тунда уларнинг рақиблари ким бўлишини билиб оламиз.
Бугун эса Озарбайжон пойтахти Баку шаҳридаги "Олимпийский" стадионида Чехия – Дания тўқнашуви бўлиб ўтса, барчанинг диққат марказидаги учрашувлардан бири бўлган Англия – Украина 1/4 “келишуви” Италиянинг Рим шаҳридаги "Олимпико" яшил майдонида бўлиб ўтади.
Т. РЎЗИЕВ