
2 июль куни Тошкентда Ўзбекистон ва Покистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларга бағишланган навбатдаги видеоконференция бўлиб ўтди.
Анжуманда Ўзбекистон – Покистон кўп қиррали ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация алоқаларини чуқурлаштиришга томонлар манфаатдорлиги яна бир бор билдирилди. Кун тартибидан Тошкент – Лахор – Тошкент авиақатновларнинг тикланиши ҳам ўрин олди. Ўзбекистон ва Покистон давлатлари ўртасида ўзаро туризм соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, июнь ойида Покистон авиакомпанияси томонидан учта чартер парвоз амалга оширилгани қайд этилди. Таъкидлаш керак, 2021 йил 14 апрелда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Бош вазири Имрон Хон ўртасида онлайн-учрашув бўлиб ўтган эди. Ўшанда мамлакатлараро шерикликнинг долзарб масалалари, шу жумладан, конструктив сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо, инвестициялар, транспорт ва транзит соҳаларидаги ҳамкорлик дастурлари илгари сурилган эди. Бугун ушбу саммит якунлари бўйича эришилган келишувлар ва имзоланган битимлар, шунингдек, соғлиқни сақлаш, таълим ва туризм соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш каби муҳим вазифалар белгилаб олинди. – Июль ойи ўрталарида Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хоннинг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда. Тадбирда ташкилий ишлар келишиб олинди. Мазкур ташриф доирасида Покистон томони Тошкентда бўлиб ўтадиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” халқаро конференциясида иштирок этади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон – Покистон ўртасида музокаралар ўтказилади. Ушбу учрашувлар Покистон учун нафақат икки минтақа ўртасида, балки Марказий Осиёда прагматик ташқи сиёсатини янги босқичга олиб чиқади, – деди Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов. Конференцияда минтақавий масалалар, биринчи навбатда Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ҳамда инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш орқали мамлакат иқтисодиётини тиклаш тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА