
Азалдан миллий рамзлар ор-номус, шон-шараф саналган. Туғини жонидан ортиқ асраган Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Темур Малик, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ўнлаб саркардалар ҳаёти ҳам бугун авлодларимизга катта ибрат.
Тарихга назар соладиган бўлсак, герб Антик даврларда пайдо бўлган. Шумер давлатининг гербида шер бошли бургут, Қадимги Рим давлати гербида бургут тасвирланган. Амир Темур давлатининг гербида эса уч ҳалқа тасвири туширилган. Улар соҳибқироннинг уч иқлимда, яъни шимол, жануб ва ғарбда ҳукмрон эканига ишора бўлган. Ўрта асрларда кўпгина шаҳарлар ўз гербига эга бўлган. Венеция гербида қанотли шер тасвир этилган. Ғарбий Европада эса герблар уруғ меросхўрлик белгилари сифатида салб юришлари даврида юзага келган. Шунингдек, бундан 2500 йил муқаддам Эрондан Олтойга қадар чўзилган улкан сарҳадда ҳукм сурган қадимги турк xони Ўғузxон даврида ҳам туркча “тамға” сўзи айнан шу маънони билдирар эди. XII асрнинг машҳур тариxчиси Рашидиддин Ҳамадоний “Танланган тариxлар” номли китобида келтирилишича, Ўғузxон ўз мол-мулкини ўғилларига улус сифатида кичик давлатларга бўлиб, инъом этган. Ушбу давлатлар ҳукмдордан ҳам ўзларининг xонлик тамғаларига эга эди. Кўриниб турибдики, “тамға” сўзининг маъноси немисча “эрбо” сўзининг маъносига тўла мос келади.
Юқорида келтириб ўтилган тарихий ҳақиқатлар давлатчилик тарихида гербларнинг тутган ўрни нақадар беқиёс эканлигини англаб етиш мумкин.
Шунинг учун ҳам мустақилликка эришганимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, дунё ҳамжамиятида алоҳида эътирофга сазовор бўлиш мақсадида ўз давлат рамзларимизни қабул қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 1992 йил 2 июль куни “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги қонун қабул қилинди ҳамда тарихимизни, миллий анъана ва қадриятларимизни, мақсадларимизни ўзида мужассам этган, бугун барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайдиган давлат гербимиз пайдо бўлди. Гербимизга нафақат мамлакат рамзи сифатида балки ватанпарварлик, масъулият рамзи сифатида қараш лозим.
Шуни унутмаслик керакки, гербимиз давлатимизнинг сиёсий, миллий, хўжалик, жуғрофий, этник ва бошқа ўзига хос хусусиятларини ҳамда бой тарихий анъаналарини ўзида мужассамлаштирган. Шунингдек, гербимизда Ўзбекистоннинг ижтимоий ва давлат тузилиши тамойиллари ўзига хос тарзда ифода этилган. “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонунга биноан, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби республика давлат мустақиллигининг рамзидир.
Ж. БОЛТАЕВ
Республика Маънавият ва маърифат
маркази бўлим бошлиғи