
КУН ТАРИХИ: 2 июль санасида юз берган ватанимиз тарихи билан боғлиқ айрим воқеалар
1376 йил – тарихчи олим Фасиҳ Хавофийнинг қайд этишича, ҳижрий 708 йил сафар ойининг ўн учинчи кунида (милодий 1376 йил 2 июлда) султон Муҳаммад хоразмшоҳнинг авлодларидан бўлган шоҳ Жалолиддин Искандар ибн шоҳ Яналтекин Фарохий дунёга келди.
1937 йил – Умумиттифоқ Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси (ВКП(б) МҚ) Сиёсий бюроси “Советларга қарши унсурлар тўғрисида” қарор қабул қилди. Бу ҳужжат асосида “қулоқлар операцияси” бошланган. Унда, жумладан, қуйидагилар ёзилган:
“ВКП(б) МҚ барча ўлка ва област ташкилотларининг котиблари ва НКВД (Ички ишлар халқ комиссарлиги)нинг барча област, ўлка ва республикалардаги вакилларига ўз юртига қайтган ҳамма қулоқлар ва жиноятчиларни рўйхатга олишни таклиф қилади. Улардан энг адоватлилари зудлик билан қамоққа олиниб отиб ташлансин. Жиной ишлар “учлик”лар орқали ўтказилсин, душманлик кайфияти камроқ бўлган унсурларни қайта рўйхатга олиб, НКВД кўрсатмасига кўра, ҳудудларга бадарға қилинсин. ВКП(б) МҚ беш кун муҳлат ичида МҚга отишга ва сургунга ҳукм қилинадиганлар сонини тақдим қилишни таклиф қилади”.
1941 йил – Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)да Осоавиахим (Мудофаа, авиация ва кимё қурилишига кўмаклашувчи кўнгилли жамияти) снайперлар мактаби очилди.
Мазкур мактабни 1941 йилда 237 нафар снайпер тамомлаган. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, университет ҳарбий кафедраси қошида снайперлар мактаби уруш бошлангунга қадар ҳам ташкил этилган эди. 1941 йил 11 июлда мазкур кафедранинг снайперлар мактабини 33 талаба тамомлаганди.
1946 йил – Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилова таваллуд топди. У ижодининг бошланиш даврида ижро этган ролларидаёқ беғубор ёшликка хос мафтункор чирой, покиза орзу ва интилиш ҳиссиётларию, мушкул қисматнинг фожиали туғёнларини табиий ва таъсирчан воситалар билан тасвирлади. Гулчеҳра Жамилова театрда, кинода, шунингдек, видеофильмлар, телефильмларда ҳам қисмати, табиати, ёши бир-бирига ўхшамаган бадиий образлар оламини яратди.
1948 йил – собиқ Иттифоқ Олий Совети Президиумининг “Қишлоқ хўжалигида меҳнат қилишдан бош тортган, жамиятга қарши ҳаёт кечириш йўлидан бораётганларни яшаб турган жойидан бошқа туманларга бадарға қилиш ҳақида” фармони эълон қилинди. Тарихчи Дилфуза Собированинг қайд этишича, шундан сўнг қамашлар билан бирга бадарға қилиш жараёнлари ҳам кучайди.
1992 йил – Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Х сессиясида 8 моддадан иборат бўлган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Давлат гербидаги ҳар бир белги чуқур маънога эга.
2004 йил – Тошкент ислом университетида “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти томонидан нашр этилган “Ислом” энциклопедиясининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
2018 йил – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрида Пучон университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил – Ўзбекистон Республикасининг “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.
2020 йил – Ўзбекистон Республикасининг “Геодезия ва картография фаолияти тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади