
Бундан 15-20 йиллар олдин 30 июнь куни бир домланинг «Инсон ҳаёти нормаллиги иккита доимий омилнинг таъсири ва мутаносиблигига боғлиқ. Яъни, шароит ва имконият тенг бўлгани маъқул!» деган эди.
Фараз қилинг, атрофда уруш кетаяпти, лекин сизда ҳамма нарса – саломатлик, ақл-идрок, куч, малака бор ёки омон-омон замон-у, аммо жисмоний, маънавий ёки моддий имконият чатоқ. Нормаллик палласи номутаносиб бўлиши ҳаммага аён.
БИЗНИНГ ЗАМОНАМИЗДА ЁШЛАР ҲАЁТИ-ЧИ?
«Шароит зўр!», деб мақтаниш нотўғри бўлар, аммо шароит борлиги ва яхшиланаётгани ҳақиқат. Аксарият ёшлар эса имкониятини тўғри баҳолай олмаётгани ҳам бир масала. Бироқ ҳозирги жараён ёшларимиз ўз имкониятини юзага чиқариши учун етарлича ҳаракат кучига эга эмас. Таълимдаги юксак даражали натижа учун бизга қайсидир маънода журъат ёки таваккалчилик камлик қилаяпти. Ҳар қалай, иккала омил ҳозир мусбат даражада.
Ўйлаб кўринг, иқтидор бўлса-ю, лекин олийгоҳда ўқитиш учун ота-онасининг имконияти бўлмаган бола дилидан нималар кечади? Унақалар қанча экан? Шароитдан фойдаланиб, имконияти ҳаминқадар бўлса-да, фақат бойнинг боласи ўқиши керакми? Ё қайсидир даражада имкониятлари чекланган ёшларнинг афсусли ва мунгли нигоҳлари билан ҳар йили овора бўлиш пешонамизга битганми? Тўғри, буни ҳамиша қилганмиз, бу тўхтамайди. Аммо юқоридаги каби саволлар кўп. Таълимга қамров, имтиҳон, ўқиш учун тўловлар, ўқитиш стандарти деган масалаларда муаммолар кутиб турмайди. Бири – иккинчисини пайдо қилгани ҳам ҳақиқат. Ёшлар билан учрашувни кўриб, Президент эртанги ўзбек жамиятида мунгли нигоҳлар бўлмаслиги керак, деган ниятда янги тизим яратмоқчи, деб тушундим.
Муаммоларни Президент ўзи санади ва ечимини ҳам айтди. Яъни, шу вақтгача олийгоҳда ўқитиш учун таълим кредити 3 йил муддатга, 22-28 фоиз ставкада берилган. Ота-оналарга қийин бўлди. Айниқса, узоқ ва чекка жойларда яшайдиган оилаларга оғирлиги ҳақиқат.
«Шуни ҳисобга олиб, янги ўқув йилидан барча учун таълим кредити имтиёзли шартларда 7 йил муддатга, Марказий банкнинг асосий ставкасида, яъни жорий йилда 14 фоиз ставкада ажратилади...»
Хуллас, янги тизим ёшларни ҳам, ота-оналарни ҳам шу каби ташвишлардан қутқаради! Бу ёғига «Темир дафтар»даги оилалар фарзандларига ўқишнинг биринчи йили учун контракт тўловини бюджетдан тўлаб бериш тартиби жорий этилади.
Давлат раҳбари Ўзбекистон ёшлар ва талабалар форумида яна бир нарсага урғу бердилар. Ўзбекистонда мактабларнинг 10-11-синф ўқувчиларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш тизими йўлга қўйилади.
«Бундан буён мактаб битирувчисига аттестат беришда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган камида битта касб ёки ҳунарни эгаллаш мажбурий қоида бўлади. Бу тизим давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат таълим ташкилотлари билан бирга йўлга қўйилади», деди Президент. Албатта, ҳунарли хор бўлмайди, мабодо қайсидир сабаб билан бу йил ўқишга киролмаса ҳам, аниқ ишли бўлади, даромадга эга бўлиш имконияти яралади. Бу, энди, ислоҳот.
Хуллас, Мустақилликнинг 30 йиллиги нишонланадиган тарихий йилда 30 июнь ёшлар сиёсати ва таълим соҳасида тарихий мақсадлар белгиланди. Форумда Шавкат Мирзиёев ёшлар муаммолари устидан ечимларни дадил ва оддий қилиб тушунтириб бера олди.
Улар ичида ҳар бир ота қалбида ётган муаммолар ҳам бор. Бу ўша икки омил – шароит ва имкониятни мувозанатлаштиришга қаратилган тўғри қарорлар эканини яқин келажак албатта кўрсатади.
Умиджон ЖАББОРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон «Миллий тикланиш»
демократик партияси фракцияси аъзоси