
АҚШ Мудофаа вазирлигининг тасдиқлашича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан 1 июль куни кечган мулоқотда асосан Марказий Осиё хавфсизлиги юзасидан ҳамкорлик хусусида гаплашилган. Томонлар - стратегик шериклар.
Бирор янги келишув ҳақида гап йўқ, аммо контртерроризм, чегара ҳимояси ва мудофаа кучларининг малакасини ошириш борасида сўз кетган. АҚШ ва Ўзбекистон азалдан бу йўналишларда ҳамкорлик қилиб келади. Мулоқотда Тошкентдан бир неча расмий, жумладан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев ҳам қатнашган.
Комилов бошчилигидаги делегация бу ҳафта Вашингтонда қатор вазирликлар ва агентликларда бўлиб, Байден маъмурияти билан яқиндан танишмоқда.
Мудофаа вазири Ллойд Остин республикани мустақилликнинг 30 йиллиги яқинлашаётгани билан табриклаб, икки давлат орасидаги дипломатия ва ришталар тарихи, тажриба ва ишончга урғу берган.
Пентагон Ўзбекистонга Афғонистондаги саъй-ҳаракатлари, хусусан иқтисодий ёрдами учун миннатдор. Тошкент ҳам АҚШга ҳамжиҳатлик ва қувватлов учун раҳмат айтган.
Америка Мирзиёев маъмурияти Марказий Осиёда интеграция томон интилаётганини олқишлар экан, Афғонистонда тинчликни таъминлаш устувор вазифа экани қайд этилган.

Ўзбекистон минтақа барқарорлиги йўлида АҚШ билан яқиндан ишлашда давом эттириб, ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирган.
Америка қўшинлари Афғонистондан буткул чиқиб кетгач, бу шериклик қанчалик янгиланади, ҳозирча номаълум.
АҚШ махсус операциялар учун қўшни давлатлар ҳудудидан фойдаланишни хоҳласа, янги битимлар зарур. Ўзбекистон қонунан чет эл ҳарбийларига очиқ эмас.
Байден маъмурияти Америка Афғонистондан чиққанидан кейинги давр учун стратегия устида бош қотирмоқда.
"Америка овози"-ЎзА