Давлат раҳбарининг “2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2021 йил 15 июлдан бошлаб талабалар ўқишини кўчиришнинг қуйидаги тартиби жорий қилинади:
а) талабалар ўқишини хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган (шу жумладан, халқаро рейтингларда биринчи 1 000 та ўриндан бирини эгаллаган) олий таълим ташкилотларидан Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош таълим йўналишларига кўчиришда:
- талабадан алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар, бошқа таълим йўналишлари бўйича тест синовлари ўтказилади. Бунда, касбий (ижодий) имтиҳонлар тегишли олий таълим муассасаси томонидан, тест синовлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилади;
- тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳонлар бўйича ўтиш баллари жорий йил 25 июлга қадар, кейинчалик ҳар йили 15 июлга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади;
- ўтиш балидан паст балл тўплаган талабалар бакалавриатга қабул қилишдаги тартибга мувофиқ табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади;
- тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари Давлат тест маркази ҳамда олий таълим муассасаларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади;
б) талабалар ўқишини хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотларидан Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчиришга рухсат этилмайди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА