Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё ва Самарқанд вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари томонидан Сирдарё вилояти божхона бошқармаси вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “Сурхондарё - Самарқанд” йўналишида ҳаракатланаётган “Кобальт” русумли автомашина Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги «Умакай» ЙПХ масканида тўхтатилди.
Автомашина кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида яшовчи, 1987 й.т. фуқаронинг ёнида 3 кг. 363 гр. “опий” гиёҳванд моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Бошқа бир ҳолатда эса ДХХ ходимлари томонидан Тошкент вилоятининг Тошкент туманида жойлашган “Минерал сувлар” ЙПХ масканида Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи, 1996 й.т. шахс бошқарувидаги “Нексия 3” русумли автомашина тўхтатилди.
Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида 5 кг. “опий” гиёҳванд моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тарзда расмийлаштириб олинди.
ДХХнинг Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари томонидан ДБҚ ходимларини жалб этган ҳолда Ўртачирчиқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда Бекобод шаҳрида яшовчи шахслар - 1991 й.т. фуқаро ҳамда муқаддам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган 1990 й.т. шахс 492 гр. “гашиш” моддасини 50 млн. сўмга сотган вақтларида қўлга олинди.
Таъкидлаш лозимки, ҳар уччала ҳолатда ҳам наркотик моддалар мамлакатимизга Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб ўтилган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
<iframe width="994" height="559" src="https://www.youtube.com/embed/VT0fIjsPC1s" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
ДХХ матбуот хизмати