1868 йил – Россия империяси ва Бухоро амирлиги ўртасида уруш тугаганлиги расман эълон қилинди.
1892 йил – тарихда «Вабо исёни» (ёки «Тошотар воқеаси») деб ном олган қўзғолон бошланди. Қўзғолон дастлаб маҳаллий аҳолининг ноинсоф амалдорлар ва судхўрларга, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш билан танилган шаҳар бош оқсоқолига қарши норозилиги билан бошланди. Қўзғолончилар таркиби асосан мардикорлар ва ҳунарманд-косиблардан иборат эди. Бу воқеани ўз кўзи билан кўрганлардан бири шундай ёзган: «Қўзғолончиларнинг мақсади бўлаётган камситишларни тўхтатишга эришиш эди. Оломон шаҳар бошлиғи Степан Путинсев ҳузурига чора кўриш тўғрисидаги талаб билан йўлга тушади. Оломонда ўқотар ёки замонавий қуроллар ҳам йўқ бўлиб, улар тахминан 400 киши атрофида эди».
Эски шаҳар оқсоқоли Муҳаммад Ёқуб оломондан қўрқиб, шаҳар бошлиғи ҳузурига боради. Халқ Путинсевдан оқсоқолни улар ихтиёрига беришни талаб қилди. Путинсев эса музокара ўрнига куч ишлатишни афзал кўрди. Куч ишлатиш тўғрисидаги буйруқдан кейин сабр косаси тўлган халқ узоқ ўйлаб ўтирмай, ҳокимга қарши ҳужум бошлади. Унинг одамларини тор-мор этиб, ўзини калтаклашди. Тошкент оқсоқолининг уйига ўт қўйишди. Путинсев ва унинг миршабларини дўппослаган халойиқ маҳкамани ҳам остин-устун қилди. Қўзғолонни бостириш учун казаклар полки ва бир рота аскар чақирилди.
1910 йил – Хива хонлиги бош вазири Ислом Хўжа бошчилигидаги элчилар Тошкентга, Туркистон генерал-губернаторлигига ташриф буюрди. Элчилар Тошкентга келишдан олдин телеграмма орқали огоҳлантирилди ва улар поездда махсус вагонда келди. Вокзалда уларни Туркистон ҳарбий округи бош штаб навбатчиси, дипломатик амалдор, шаҳар бошлиғи, комендант, полиция бошлиғи, генерал-губернаторлик отлиқлари ва хор мусиқа садолари остида кутиб олди. Тарихчи Низомиддин Гулбоевнинг қайд этишича, Хива бош вазири бошчилигидаги элчилар Тошкентдаги Гранд Отель меҳмонхонасига жойлаштирилган.
1923 йил – Бухоро Республикаси ҳукумати таркибидан Отауллахўжа Пўлатов – Ота Хўжаев, Фитрат, Саттор Хўжаев, Муинжон Аминов, Қори Йўлдош Пўлатов, Абдураҳим Юсуфзода, Музахар Махсум Бурҳонов, Ҳожи Ҳамро Йўлдошев четлаштирилиб, Бухородан сургун қилинди. Бухоро ҳукумати Москва ва Тошкентнинг «коммунистча сабоғи»ни олган «тажрибали совет ходимлари» билан тўлдирилди.
1993 йил – Ўзбекистон Республикаси Гвинея Республикаси ва Экваториал Гвинея Республикаси билан дипломатия муносабатларини ўрнатди.
1993 йил – Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Унга асосан Республика Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни этиб 27 июнь этиб белгиланди.
1997 йил – махсус конвертли «Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон» почта маркаси тайёрланиб, муомалага чиқарилганлиги ҳақида хабар эълон қилинди. Ушбу марка Чўлпон таваллудининг 100 йиллигига бағишланган.
2019 йил – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг кутубхона фондини хорижий адабиётлар билан бойитиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБEРДИЕВ тайёрлади.
ЎзА