Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг буйруғи билан Саидаҳмад Усмонов Самарқанд вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинланди. Ушбу лавозим эгаси вилоят нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси ҳам ҳисобланади.
Мазкур кенгаш кексалар ва фахрийларнинг бошини қовуштирадиган, уларни ёшларимизнинг таълим-тарбиясига, умуман, жамият ҳаётига фаол жалб қиладиган ташкилот ҳисобланади. Кенгаш раҳбари бир вақтнинг ўзида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг вилоят ҳокимликлари ҳузуридаги минтақавий бўлинмалари раислари ҳам саналади.
– Бу лавозимда ишлайдиган кишига жуда катта масъулият юклатилган, - деди Самарқанд вилоят ҳокими Э.Турдимов янги раҳбарни таништириш чоғида. – Албатта, бу борада давлат ва жамоат арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Норбекович Нормуродов ҳеч бир муаммога ўрин қолдирмаган. Афсуски, у киши шу йил 24 апрель куни 82 ёшида вафот этди. Ҳасан Нормуродов ишларини давом эттириш учун у кишининг ўрнига Саидаҳмад Усмонов номзодини лозим деб топдик.
С.Усмонов узоқ йиллар таълим тизимида турли лавозимларда муваффақиятли фаолият олиб борган. 2019-2020 йилларда Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармасига раҳбарлик қилган.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА