Бухорода Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик масалаларига бағишланган халқаро форумда Парламентлараро иттифоқнинг Бош котиби Мартин Чунгонг ҳам иштирок этаётганидан хабарингиз бор. У ушбу форум иши ва Ўзбекистондаги вазият, ислоҳотлар ҳақида шундай фикр билдирди:
– Мен шундай муҳим форумда қатнашаётганимдан жуда хурсандман. Сир эмас, Барқарор ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқариш жуда катта сиёсий ирода, куч-ғайратни талаб қилади. Ўзбекистонда бу борада давлат, парламент, жамоатчилик институтлари ҳамкорликда ишлаётгани эътиборни тортади.
Дарвоқе, мен кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти билан учрашдим. Шунингдек, Сенат Раиси билан суҳбатлашдим. Парламентлараро ҳамкорликни изчил йўлга қўйишга улкан ҳисса қўшаётгани учун Президент Шавкат Мирзиёевга алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман.
Ҳамкасбларим Ўзбекистонда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, Барқарор ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқариш борасида жуда катта ишлар амалга оширилаётганини айтиб берган эди. Юртингизга келгач, бу гап ҳақиқат эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, гендер тенглиги борасида ҳам салмоқли ишлар бажарилаётгани эътиборга молик.
Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистонда гендер тенглигига эришиш, ёшлар муаммоларини ҳал қилишда яхшигина тажриба тўпланган. Форумда шу тажриба ўрганилмоқда, таҳлил этиляпти. Зеро, Барқарор ривожланиш мақсадларини ҳаётга самарали татбиқ этиш учун биз глобал миқёсда парламентлараро ҳамкорликка эҳтиёж сезяпмиз.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг дунёга сўзлаб берадиган ўз ҳикояси, яъни тажрибаси бор. Бу форум шу ҳикояни дунё парламентлари билан баҳам кўришнинг энг яхши имкониятидир.
ЎзА мухбири
Зариф Комилов ёзиб олди