Авваллари «Конституциявий суд нима иш қилади» деган саволни кўп эшитганмиз. Саволнинг бу тарзда қўйилиши бироз эриш туюлади. Бироқ буни ноўрин деб ҳам бўлмайди. Чунки кўп йиллар давомида Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки нима бўлса-да, Конституциявий суд конституциявий ҳуқуқимни ҳимоя қилади, деган умид билан мурожаат қилиб, муаммосини ижобий ҳал этолмаган фуқаро жаҳл устида, албатта «Ўзи Конституциявий суд нима иш қилади» деган саволни ўртага қўйиши табиий эди.
Қолаверса, узоқ йиллар давомида Конституциявий суд нима иш қилишини билмайдиганлар фақат оддий фуқаролар бўлмаган. Гапнинг очиғи, ДАН ходими ҳам «Кечирасиз, ўзи Конституциявий суд нима иш қилади?» деб берган саволи кўп бўлган.
Уларнинг берган саволига ярим чин, ярим ҳазил маънода: - Биласизми, Конституциявий судни умумий юрисдикция судларидан фарқи нимада? Умумий юрисдикция судлари «одамларни суд қилади». Конституциявий суд эса «ҳужжатларни суд қилади» деб, жавоб берганмиз.
Ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 108-моддасининг биринчи қисмида «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суд қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради», деб белгиланган.
Демак, Конституциявий суд ўз фаолияти давомида Конституция устунлигини таъминлаш мақсадида таъбир жоиз бўлса, «норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни суд қиладиган» мустақил суд ҳокимияти органи ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ҳуқуқий мақоми аввало Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган бўлса, нима учун унинг фаолияти билан кўпчилик таниш эмас, деган савол туғилиши табиий, албатта.
Бунга бизнинг фикримизча, қуйидаги объектив ва субъектив сабабларни кўрсатиш мумкин.
Биринчидан, Ўзбекистонда конституциявий назорат институтининг тарихи ўтган асрнинг 90 йилларига бориб тақалса-да, бироқ Конституциявий суд томонидан фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қолаверса, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрнига лозим даражада эътибор қаратилмади.
Мустақилликнинг биринчи кунларидан, аниқроғи, 1990 йил бошида дастлаб Конституциявий назорат қўмитаси, кейинчалик эса Конституциявий суд сифатида фаолият юритган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ҳуқуқий асоси бўлиб ҳисобланган «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги қонун ўтган 25 йил давомида умуман такомиллаштирилмади.
Ваҳоланки, бу давр оралиғида суд-ҳуқуқ соҳасида катта ислоҳотлар амалга оширилиб, суд тизими (умумий юрисдикция судлари) фаолияти ва унинг ҳуқуқий асослари мунтазам равишда такомиллаштирилиб борилди.
Иккинчидан, фуқароларга Конституциявий судга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш ҳуқуқи берилмаган эди. Бу юридик тильда конституциявий шикоят институти деб аталади.
Конституциявий шикоят институти нима дегани? Дунё амалиётида конституциявий шикоят институти шуни англатадики, агарда фуқаро ўзининг Конституцияда белгиланган ҳуқуқини қонун ёки унинг бирон-бир нормаси билан бузилмоқда деб ҳисобласа, ушбу ҳужжатни конституциявийлигини кўриб чиқишни сўраб Конституциявий судга мурожаат (шикоят) қилиш ҳуқуқи тушунилади.
Бизда авваллари фуқароларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи бўлмаганми? Йўқ албатта, бўлган. Фақат фуқаролар томонидан Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи бевосита эмас, балки билвосита амалга оширилган. Яъни, агар норматив-ҳуқуқий ҳужжат фуқароларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса-ю ва буни аниқлашни сўраб Конституциявий судга мурожаат қиладиган бўлса, дастлаб бу мурожаат Конституциявий суднинг, таъбир жоиз бўлса, «учта судьясини назаридан ўтиши» керак эди.
Агар Конституциявий суднинг учта судьяси маъқул топса ва улар ташаббус кўрсатса, фуқаронинг мурожаати Конституциявий суд мажлисида кўриб чиқиш учун киритилган. Бундан кўриниб турибдики, фуқаролар Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан, аниқроғи, масала киритиш ҳуқуқидан амалда маҳрум этилган. Шунинг учунн ҳам фуқаролар Конституциявий судга мурожаат қилмаган ва унинг фаолияти билан танишишга зарурат сезмаган. Бу эса юқорида биз учун эриш туюлган
Конституциявий суд нима иш қилади, деган ҳақли саволни келиб чиқишига сабаб бўлган.
Учинчидан, аччиқ бўлса-да шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Конституциявий суд бор имкониятлардан фойдаланиш ўрнига йиллар давомида «оч қорним – тинч қулоғим» ёки «сен менга тегма – мен сенга тегмайман» қабилида иш юритиб келган.
Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон шароитида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суд фаолиятида ҳам туб ўзгаришлар даври кузатилмоқда.
Бунга ҳуқуқий асос бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш учун биз ҳаётимизнинг барча жабҳаларида конституциявий назоратни кучайтиришимиз зарур, деган сиёсати хизмат қилди, десак муболаға бўлмайди.
Дарҳақиқат, жорий йилнинг 27 апрель куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонуни кўпчилик мутахассисларнинг фикрига кўра мамлакатимизда конституциявий назорат институтининг янги даврини бошлаб берди.
Ушбу Конституциявий қонун аввалгидан фарқли равишда Конституциявий судда иш юритишнинг барча процессуал босқичларни, яъни мурожаатларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва ўрганиш, ишни кўриш учун қабул қилиш, суд ишларини юритиш иштирокчилари ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, суд муҳокамаси, суд қарорлари, суд мажлиси баённомаси ва бошқа ҳаракатларни тартибга солди.
Шунингдек, Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доираси мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоячилари – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳисобига кенгайтирилди.
Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, келгусида агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса, фуқаролар ва юридик шахслар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақли бўлди.
Мазкур Конституциявий қонун қабул қилингандан буён, ўтган қисқа даврда Конституциявий суд фуқаролар ва юридик шахслар томонидан қилинаётган мурожаатлар сонининг кескин ортганини ўзи ҳам «Конституциявий суд нима иш қилади» деган саволга кўпчилик жавоб топганлиги нишонаси десак, муболаға бўлмайди.
Тўғри, фуқаролар ва юридик шахслар томонидан Конституциявий судга келаётган мурожаатларнинг ҳаммаси ҳам Конституциявий судга тааллуқли эмас. Масалан, сўнгги икки ой давомида фуқароларнинг Конституциявий судга юборган конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари бузилганлиги тўғрисидаги шикоятлари юзасидан 20 дан ортиқ суд ажрими чиқарилиб, уларни кўриб чиқиш учун қабул қилиш рад этилган.
Бироқ, масаланинг бошқа томони бор. Муҳими, фуқаролар ва юридик шахслар ўзларининг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишни сўраб Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди. Улар энди мамлакатимизда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини муносиб ҳимоя қиладиган конституциявий назорат институти «жонлана» бошлаганлигига ишонишмоқда. Бу эса, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда олиб бораётган туб ислоҳотларни амалда ўз самараси бўй кўрсата бошлаганлигидан далолатдир.
Мухтасар айтганда, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш учун ҳаётимизнинг барча жабҳаларида конституциявий назоратни кучайишига, бу эса пировард натижада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг шаъни, қадр-қиммати, мол-мулкининг дахлсизлигини сақлаш, фуқароларнинг меҳнат қилиш, таълим олиш, тиббий ёрдамдан фойдаланиш каби энг асосий ҳуқуқларини тўла таъминлаш имконини беради.
Абдуманноб РАҲИМОВ,
юридик фанлар номзоди