Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида битирувчи курсантларга диплом ва лейтенант махсус унвонини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси – фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини бажарувчи генерал-лейтенант Турсинхан Айдарович Худайбергенов ҳамда ФВВ академияси бошлиғи, генерал-полковник Қобул Бердиев сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги ва «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонунлари асосида юртимизда олий маълумотли мутахассис кадрларни ҳар томонлама етук, масъулиятли, бурчини чуқур ҳис қиладиган ҳамда ўз касбини севиб ардоқлайдиган, фидойи инсонлар қилиб тарбиялаш учун барча имкониятлар яратиб берилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, тадбирда давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 10 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги фармони алоҳида аҳамият касб этиб, бугунги кунда мустақил Ватанимиз ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар, дунё мамлакатлари орасида юртимиз обрў-эътиборининг тобора юксалиб бориши, фарзандларимизнинг интеллектуал салоҳият эгаси, ўз касбининг моҳир устаси, ҳеч кимдан кам бўлмаган авлод бўлиб етишиши учун асос бўлиб хизмат қилиши ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шундан сўнг битирувчиларга диплом ва ҳарбий лейтенант унвонлари тантанали равишда топширилди. Тантана давомида сўзга чиққан битирувчилар ва уларнинг ота-оналари, таклиф этилган меҳмонлар ўзларининг ҳис-ҳаяжонга тўла тилакларини изҳор этиб, ёш офицерларни самимий муборакбод этишди.
– Бугунги қувончли ва эсда қоларли кунимиз муносабати билан бизни вояга етказган ота-оналаримизга, таълим-тарбия берган устозларимизга, барча шарт-шароитларни яратиб берган муҳтарам Президентимизга самимий миннатдорлигимизни билдирамиз, – дейди битирувчи лейтенант Ислом Мирзааҳмедов. – Албатта, халқимизнинг тинч-осуда ҳаётини, соғлигини асрашдек бахтли касб бўлмаса керак, биз ана шундай қутқарувчиликдек шарафли касбни эгаллаб, етук кадрлар бўлиб етишганимиздан ва она Ватанимиз равнақига ўз ҳиссамизни қўшаётганлигимиздан фахрланамиз. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан яратиб берилаётган кенг имконият ва қулай шарт-шароитларга жавобан, хизмат фаолиятимизда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш йўлида бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз, деб ваъда бераман.
– Бугун фарзандим Исломжон офицерлик унвонини олиб, мустақил ҳаётга йўл олаётганидан бошим кўкка етди, – дейди Мирзоҳид Мирзааҳмедов. – Ўзим ҳам шу соҳада меҳнат қилаётганлигим учун бизнинг оиламизда ҳам ушбу касбга хос бўлган муҳит шаклланган ва у шу руҳда вояга етган.
Ишонаманки, фарзандларим жонажон Ватанимиз ва халқимиз хизматида бўлиб, ушбу олий даргоҳда олган назарий билим ва кўникмаларини амалиётда қўллаб, мустақил юрт осойишталигини таъминлашга бор куч ва шижоатларини сафарбар этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА