Бугун бутун дунёда техника ва технологиялар ривожлангани сари уларнинг экология ва атроф-муҳитга салбий таъсири ҳам ошиб бормоқда. Шу боис, дунёда ёнилғи билан ҳаракатланадиган транспорт воситаларидан воз кечиш, уларнинг ўрнига атроф-муҳитга зарарли газларни чиқармайдиган электромобиллардан фойдаланишга эътибор қаратилмоқда. Хўш, бу борада Ўзбекистонда қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда электромобиллар ва мототранспортлардан фойдаланиш, шунингдек, велосипедда мамлакат бўйлаб ҳаракатланишни ривожлантириш масалаларига устувор аҳамият қаратилаётир. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 13 январида машинасозлик тармоғини трансформация қилиш масаласидаги йиғилишда 50-60 мингта ҳамёнбоп автомашина ва электромобиллар ишлаб чиқаришга инвестиция киритиш зарурлигини таъкидлаган эди.
Ушбу йўналишда қулайлик ва енгилликлар яратиш мақсадида 2019 йил 1 январдан Ўзбекистонга электромобиль импорти учун бож тўлови бекор қилинган, ўша йил июль ойида акциз солиғи ҳам олиб ташланган эди. Айни пайтда четдан енгил электромобиль олиб киришда 20 евро божхона йиғими ва 15 фоизлик қўшилган қиймат солиғи тўланади, холос.
2020 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Автотранспорт воситаларини ёллаш ва ижарага бериш фаолиятини қўллаб-қувватлаш, электромобиллар ва мототранспортлардан фойдаланиш, шунингдек, велосипедда мамлакат бўйлаб ҳаракатланишни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, унда бир қатор вазифалар белгиланган эди. Жумладан, «Ўзавтосаноат» АЖ корхоналарида фақат электр двигатель орқали ҳаракатланадиган енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини ишлаб чиқариш концепциясини ишлаб чиқиш, шунингдек, Молия вазирлиги 2021 йил ва кейинги йилларга мўлжалланган Давлат бюджетини шакллантиришда фақат электр двигатель орқали ҳаракатланадиган авто ва мототранспорт воситалари республика ҳудудида харид қилинганда ёки вақтинчалик олиб кирилганда, уларни ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказишда тўланадиган йиғимларни бекор қилишни назарда тутиши белгиланган.
Юртимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида электромобиллар импорти йилдан-йилга ошиб бормоқда. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, республикага 2018 йилда 13та, 2019 йилда 39та, 2020 йилда эса 131та электромобиль импорт қилинган. Демак, 2020 йилда 2018 йилга нисбатан 10 баробар кўпроқ электромобиллар мамлакатимизга олиб кирилган.
Жорий йилда ҳам хориждан электромобиллар олиб келиниши изчил давом эттирилмоқда. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистонга хориждан 205 та электромобиль импорт қилинган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 179 тага кўп. Биргина май ойида Ўзбекистонга 49 та электромобиль олиб келинди. Хусусан, 2021 йилнинг январь-май ойларида Хитойдан 166 та, Туркиядан 24 та, Кореядан 5 та, АҚШдан 5 та, Германиядан 3 та, Литва ҳамда Испаниядан 1 тадан электромобиль олиб келинган.
Хўш, электромобилларнинг афзаллиги ва қулайликлари нималардан иборат? Таъкидлаш жоизки, электромобилларнинг двигатели атроф-муҳитга зарарли газларни чиқармаслиги ҳисобига атроф-муҳит ифлосланиши камайишига олиб келади. Электромобиль двигатели электр энергиясидан (муқобил энергиялар ҳисобига) қувват олиши сабабли анъанавий ёнилғи сарфини камайтиради.
Шунингдек, маълумотларга кўра, электромобиллар билан тўқнашув содир этилганда тўқнашув сенсори томонидан батареялар ўчирилиши натижасида электромобиль автоматик тарзда тўхташ имконига эга. Эҳтиёт қисмлари сони камроқ бўлгани электромобилнинг ишончлилигини оширади ва натижада таъмирлаш ҳамда техник хизмат кўрсатиш харажатлари ҳам камаяди. Қолаверса, батареялар стандарт электр тармоғидан қувват олиш имкониятининг мавжудлиги харажатларни сезиларли даражада камайтириш имконини беради. Автомашина ўт олдирилган ҳамда ҳаракатланаётган вақтда камроқ шовқин чиқади. Электр двигателнинг электромагнит тормоз режимида бўлиши фавқулодда тормозланиш имкониятини беради.
Бир сўз билан айтганда, ҳар томонлама қулай ва камхарж бўлган электромобиллар ҳаётимизга кириб келаётгани қувонарли ҳол. Юртимизга импорт қилинаётган мазкур воситалар сони йилдан-йилга ортаётгани, ўз навбатида, атроф-муҳит тозалиги, экология мусаффолигига ўз таъсирини кўрсатади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА