92 мингдан ортиқ одам Amazon компанияси асосчиси, дунёнинг энг бой кишиси ҳисобланган Жефф Безос коинотга сафар қилгандан кейин ерга қайтишига қаршилик билдириб петиция имзолашди.
Бундан аввал Безос 20 июлда акаси билан ўзининг Blue Origin компаниясига қарашли New Shepard космик кемасида коинотга парвоз қилиши ҳақида маълум қилган эди. Кемадаги яна бир ўрин кимошди савдосига қўйилиб 28 миллион долларга сотилди.
«Сайёрамизда миллиардерлар бўлмаслиги керак. Улар Ерда ҳам, коинотда ҳам бўлмаслиги керак. Аммо улар коинотни танлашса, марҳамат, ўша ёқда қолаверсин», – дейилади change.org платформасида жойлаштирилган петиция матнида.
Blue Origin компанияси New Shepard космик кемасининг 15 та синов парвозини амалга оширган. Синовларнинг сўнггиси апрель ойида бўлиб ўтган эди.