Шу кунларда одамлар орасида коронавирус хавфидан буткул халос бўлдик, деб ўзларини эркин қўйиб юборганлар жуда кўпайиб кетди. Аксарият кишилар ҳатто, ниқоб тақмай қўйди. Эпидемия хавфи йиллар давомида ўз таъсири ва асоратларини сақлаб туришини ёддан чиқаришди.
Аҳоли орасида тиббий маданиятнинг етишмаслиги ҳамда ўз соғлигига беэътиборлиги туфайли, афсуски, мазкур касалликнинг юртимизда яна авж олаётганлиги ачинарли. Унинг инсоният билмаган янги-янги тур ва хатарлари бизларнинг ҳар дақиқа огоҳ бўлишимизни тақазо этади.
Бугун касалхоналарда даволанаётган беморлар вақтида ушбу жиҳатларга эътибор қаратмагани туфайли афсус-надомат билан тожли вирусга қарши жон талашиб курашмоқда. Бу каби беморлар сафининг ортаётганлиги эса янада ташвишланарли.
Шу боис мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросидан ушбу ҳолатни бартараф этишда ҳисса қўшишига даъват этамиз. Бу ҳиссани улар карантин талабларига қатъий риоя этишлари ва атрофидагиларни ҳам шунга чақиришлари билан қўшишлари лозим.
Баҳром ВАЛИЕВ,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Тошкент шаҳар Кенгаши раиси.