Бугун инсоният иқтисодиётдаги глобаллашув, дунёдаги мураккаб сиёсий жараёнлар, ижтимоий, маданий ўзгаришлар трансформациясида ўз тараққиётини авваламбор илм-фан ва олий таълим сифат ва самарадорлигида кўрмоқда.
Тажрибаларга асосланиб шуни айтиш мумкинки, ота-оналар фарзандлари олий ўқув юртларига ўқишга киришлари учун репетиторга тайёрлантириш йўлида на маблағ ва на эътиборни аяган эмас. Масаланинг туб моҳияти шундаки, талабаликка қабул қилингач, аксарият ёшларимиз ўқиш, ўрганиш, интилиш ва изланишни бироз ташлаб қўйдилар.
Албатта, бунинг муайян сабаблари бор, бу ҳолат барча тармоқ ва соҳаларда вужудга келган кадрлар тақчиллиги билан боғлиқ. Меҳнат бозоридаги конюктуранинг аниқ ҳисоб-китоби олинмасдан, олий таълимда қабул квоталарининг ҳаддан зиёд сиқилуви иш берувчида танлаш имкониятини деярли йўққа чиқарарди. Натижада институтни битирдингми, бўлди, сен мутахассиссан, деган қараш пайдо бўлган эди.
Юртбошимиз ўтказган йиғилишда мутлақо янги ракурслар, яъни олий таълим ва иш берувчилар нуқтаи назаридан қараб, бугунги олий маълумотли мутахассиснинг салоҳияти иқтисодиётни барқарор, ҳаётни фаровон этишга қодирми, деган саволни қўйди. Шу асосда таълим – фан ва иқтисодиёт интеграцияси йўлида томонларнинг вазифалари белгилаб берилди. Бунда энг аввало, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш, ўзбек академик илм-фани ва олий таълимидаги барча яхши жиҳатларни асраб қолиш ва ривожлантириш, кадрлар тайёрлашда унинг «инфляция»сига йўл қўймаслик муҳим вазифа бўлиб қолиши таъкидланди.
Ҳақиқатан, ҳозирги вақтда таълим инсон фаолиятининг энг кўп тарқалган соҳасига айланиб улгурди, таълимнинг ижтимоий ўрни ҳам жиддий ўзгарди: бугун унинг йўналтирилганлиги ва самарадорлиги кўп жиҳатдан инсониятнинг ривожланиш истиқболлари билан боғлиқ, шунинг учун кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан ошириш, ижодий фикрлайдиган етук мутахассисларни етиштириб чиқариш долзарб масаладир.
Олий таълимдаги ислоҳотлар давлат сиёсати даражасига кўтарилди, таълим ривожи мамлакатимизнинг келажак равнақини белгилаб бериши эътироф этилди. Бу сиёсат доирасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда: талабалар контингенти сифатининг ва олий таълим муассасалари сонининг ошиши, билимлар сифатига қўйилган талабларнинг кучайиши, олий таълим функциясининг янгиланиши («битирувчи» эмас, «мутахассис» тайёрлаш), янги педагогик ва ахборот технологияларнинг жорий этилаётганлиги в ҳ.к. Шундай қилиб, олий таълим тизимини ислоҳ қилишнинг асосий вазифалари мазмун ҳамда ташкилий-бошқарув жиҳатдан оқилона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва уни ривожланаётган Ўзбекистоннинг олий мақсад ва қизиқишларига йўналтиришдан иборат. Бунинг учун эса, таълим тизимини меҳнат бозорининг долзарб ва истиқболли талаб эҳтиёжларига эпчил ва аниқ мослаштириш, қобилиятларни маҳсулдор меҳнатга ва ижтимоий ҳамкорликка йўналтириш зарур.
Техника йўналишидаги олий таълим муассасаларнинг ўзига хос жиҳатлари шундаки, тайёрланаётган мутахассисларнинг касбий фаолияти бевосита мунтазам такомиллашиб бораётган техника ва технологиялардан фойдаланган ҳолда мураккаб масалларни ечишга, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Шу боисдан олий техник таълим парадигмаси тубдан фарқланади: мақсади, мазмуни, бошқариш принципи янгиланаётган ишлаб чиқариш тизимига эгилувчан тарзда мослашиб боради. Ҳозирги вақтда меҳнат бозорида иш берувчилар муҳандисларнинг нафақат касбий билим ва кўникмаларига, балки мавжуд муаммоларни ечишда назарияни амалиётга қўллаш кўникмасига эътибор қаратишади.
Шунинг учун ҳам истеъдодли олимлар ва ўқитувчилар, янги ғоялар ва илмий изланишлар – олий таълим модернизациясининг пойдевори сифатида олиниб, илмий тадқиқотлар ва ишланмаларнинг сифати, кенг қамровлилиги, амалиётга жорий этилганлиги ва илмий жамоа томонидан тан олинганлиги жиҳати билан баҳоланиши лозимлигини, унинг механизмларини белгилаб берилди.
Илм-фанда ёшлар салоҳияти сезилмаётганига эътибор қаратилар экан, юртбошимиз, энг муҳим вазифа – бу, ёшларни илм-фанга жалб этиш, уларнинг янги илмий йўналишларга бўлган эътибори ва қизиқишларини уйғотиш зарурлигини уқдирди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, дунёда бугун иқтидорли ҳаёт кечириш, деган ибора муомалага кирган. Жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий ва ҳатто сиёсий муносабатлар иқтидор орқали тартибга солинади. Мамлакатимиз раҳбари олий таълим олдига қўйган вазифалар мундарижасида айни тамойил ўз ифодасини топганки, бу энди юқоридан бериладиган топшириқлар билан чегараланиб қолинмаслиги зарурлиги, балки бу жараённи такомиллаштиришда ижодий иштирок муҳимлиги таъкидланди.
Саодат БОЗОРОВА,
Навоий давлат кончилик институти
таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи