БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг 2020 йилдаги фаолиятига доир ҳисоботи эълон қилинди. Ҳисоботда Ўзбекистон билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик муносабатлари ижобий баҳоланган.
Мамлакатимиз демократлаштириш, БМТнинг устав ва шартномавий органлари доирасида инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича зиммасига олган халқаро мажбуриятларини бажариш, шунингдек, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш соҳаларида эришган натижалари билан халқаро майдонда тез-тез эътироф этилаётган илғор давлатлар сафидан жой олгани таъкидланган.
Ҳисоботда БМТ тизимидаги инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи органларнинг бир йиллик фаолиятига доир маълумотлар келтирилган. Коронавирус инқирози бу борадаги ишларга салбий таъсир кўрсатгани қайд этилган. БМТ Олий комиссари Ўзбекистонда Маърузалар тайёрлаш ва БМТ тегишли институтларининг тавсияларини бажариш бўйича миллий механизм яратилганини юқори баҳолаган. Ўзаро ҳамкорликда ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирокида ишлаб чиқилган Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти тўғрисидаги кодекс лойиҳасига ҳам ижобий баҳо берилган.
Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий институтлари глобал альянси ҳузурида аккредитациядан ўтгани муҳим натижалардан бири сифатида қайд этилган. Зеро, бу қадам амалдаги халқаро-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланмиш Париж принципларига тўла мос келади.
Коронавирус пандемияси шароитига қарамай, мамлакатимизда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси билан ҳамкорликда 2020 йилда тегишли хизматлар ходимларининг малака ва салоҳиятини ошириш ишлари изчил давом эттирилгани алоҳида таъкидланган.
Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси кўмагида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Универсал даврий ҳисоботи механизми доирасида берилган тавсияларнинг бажарилиши бўйича ўз оралиқ маърузасини тайёрлашга эришган саноқли давлатлардан бири экани ҳам эътироф этилган.
Ҳисоботда таъкидланганидек, Ўзбекистонда гендер тенглик масаласига устувор даражада эътибор қаратилаётгани муносабати билан Статистика бўйича давлат қўмитаси томонидан 2020 йилда аёлларга нисбатан камситишларга доир муаммо Кўп индикаторли комплекс тадқиқотлар рўйхатига киритилгани муҳим аҳамиятга эга.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг матбуот хизмати.