Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида ҳозирги кунгача “Тошкент-Қарши” йўналишида ҳаракатланиб келаётган “Насаф” тезюрар электропоезди бугун – 22 июндан бошлаб “Шаҳрисабз” темир йўл вокзалигача қатнашни бошлайди.
Бу сайёҳларга Қамаши туманидаги “Лангар-Ота” зиёратгоҳига бориш учун ҳам қулайлик яратади. Чунки ушбу поезд Қамаши станциясида ҳам тўхтаб ўтади. 4-сонли поезд бугун Тошкент марказий темир йўл вокзалидан амалдаги жадвалга асосан, “Қарши” темир йўл вокзалидан эса соат 14:27 дан бошлаб “Шаҳрисабз” йўналишига, шунингдек, бугун соат 17:04 дан бошлаб эса 3-сонли “Насаф” электропоезди “Шаҳрисабз-Тошкент” йўналишида қатновини амалга оширади. Шу сабабли “Қарши-Шаҳрисабз” шаҳарлараро электропоездининг ҳаракат жадвалига ҳам бироз ўзгартириш киритилади. Унга кўра, ушбу поезд бугундан Қарши темир йўл вокзалидан соат 17:29 да қатновини амалга оширади.
Изоҳ: Қўшимча маълумотларни Тошкент шаҳрида 1005 қисқа телефон рақами, жойлардаги темир йўл кассалари ҳамда маълумотлар бюросидан билиб олиш мумкин.
“Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ.
ЎзА