Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ишлаб чиқариш ва илм-фан уйғунлиги яхши самара бермоқда.
Хусусан, куни кеча комбинат мутахассислари ҳамда “Фан ва тараққиёт” ДУК олимлари ҳамкорлигида яна бир муҳим ихтиро яратилди. Маълумки, рудалар таркибидан қимматбаҳо металларни ажратиб олиш учун комбинатда рангли ва нодир металлар флотация усули билан бойитилади. Флотация усулида бойитишда кимёвий реагентлар асосий ролни ўйнайди.
Мамлакатимиз рангли металлургия саноатида рудаларни флотация усулида бойитиш жараёнида флотореагент — кўпик ҳосил қилувчи сифатида одатда спиртлар ёки қайрағоч ёғи, циклогексанол, крезол, Т-66, Т-80, Т-92 реагенти, МИБК, ОПСБ, ОПСМ каби таркибида спирти бор маҳсулотлардан фойдаланилади. Аммо бу реагентларнинг барчаси хориждан келтирилади ва бу давлатимизнинг импорт қарамлигини кучайтиради. Шунинг учун ҳам маҳаллий хомашё ва чиқиндилар асосида таннархи паст бўлган янги композицион кимёвий флотореагент — кўпик ҳосил қилувчиларни олиш технологиясини ишлаб чиқиш бугунги кунда долзарб аҳамиятга эга.
Айнан шу масала бўйича комбинат мутахассислари ҳамда техника фанлари доктори, академик Сойибжон Негматов илмий раҳбарлигида мутлақо янги флотореагент ишлаб чиқарадиган инновацион технология ишлаб чиқилди. Ушбу технология асосида янги, импорт ўрнини босувчи реагент ихтиро қилинди.
Реагент маҳаллий хомашё асосидаги оргоминерал ингридиентлар, таннархи паст бўлган ишлаб чиқариш чиқиндиларидан тайёрланади. Бундан ташқари, ушбу инновацион кимёвий флотореагент юқори самарадорлиги билан ажралиб туради ҳамда импортни қисқартириш имконини беради. Ушбу янги реагентдан мис ва олтин таркибли рудани бойитиш жараёнида фойдаланиш мумкин бўлади. Янги реагент таркиби қатрон, лицерин, сульфат, карбамид, лаурет ва нефть кимё саноати чиқиндиларидан иборат.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати Ахборот хизмати.