Мамлакатимизда сўнгги йилларда хотин-қизларга муносабат тубдан ўзгарди.
Мазкур масалага узоқ вақт етарли эътибор берилмагани боис,аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик кучайгани сир эмас. Буни сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситаларида тазйиқ ва зўравонликларга учраган хотин-қизлар борасида бот-бот тарқалаётган хабарлардан ҳам билиш мумкин.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати берган маълумотга кўра, шу йилнинг 15 апрелига қадар хотин-қизлардан 20 га яқин жинсий ва жисмоний зўравонлик, руҳий тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича мурожаат келиб тушган. Бундай ҳолатларнинг аксарияти Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига тўғри келади.
Бош прокуратура ҳисоботида 2020 йилда номусга тегиш ҳолати 27,7 фоизга кўпайгани маълум қилинган. Бу, албатта, ачинарли ҳолат. Фоиз ҳисобида кўрсатилган ушбу рақамлар ортида нечта қизнинг синган тақдири, топталган шаъни ва қадр-қиммати ётибди.
ЎзА мухбири Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, хотин-қизлар масалалари бўйича масъул Умида Aбдуллаева билан мамлакатимизда аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида суҳбатлашди.
– 2019 йил 2 сентябрда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” ҳамда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинган, – дейди Умида Абдуллаева. – Амалдаги қонунларда зўравонликнинг 4 тури кўрсатилган бўлиб, уларнинг олдини олиш мақсадида ҳимоя ордери расмийлаштириб бериш амалиёти жорий этилди. Ҳимоя ордерини расмийлаштириш ваколати профилактика инспекторига берилган.
Ҳудудий профилактика инспектори аниқланган ёки келиб тушган барча зўравонлик ҳолатини ўрганиб чиқиб, 24 соат ичида ҳимоя ордери бериш чорасини кўради. Ҳимоя ордери 30 кун муддатга берилади. Агар хавф шу муддат ичида бартараф этилмаса, мурожаатга асосан яна 30 кунга узайтирилади.
Ҳимоя ордеридан асосий мақсад – зўравонлик ҳолатларига барҳам бериш ва такрорий зўравонлик ёки тазйиқнинг олдини олишдан иборат.
Мамлакатимизда ҳимоя ордери бериш амалиёти “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан февраль ойидан бошланди. 2020 йилда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган 14 минг 774 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилди.
2021 йилнинг 4 ойи давомида эса ҳимоя ордери олганлар сони 14 минг 165 нафарга етди. Бунинг натижасида 7 минг 141 та оила ярашди, 5 минг 431 та низо бартараф этилди.
Ҳимоя ордери, ўз навбатида, оилалардаги зўравонлик ва тазйиқ ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилмоқда. Ҳимоя ордерлари сони ошиб бораётгани бу ҳуқуқий маданият юксалаётганидан далолат беради. Чунки хотин-қизлар энди ёрдам сўраб мурожаат этмоқда. Ҳимоя ордери – бу якка тартибдаги зўравонлик профилактикаси, дегани.
– Маълумки, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Республика маркази ва унинг ҳудудлардаги марказлари ташкил этилган.
– Жорий йилнинг 5 ойи давомида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига 205 нафар оғир ижтимоий аҳволда қолган, оилавий муаммо ва зўравонликка дуч келган, шунингдек, ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган хотин-қизлар жойлаштирилди.
Президентимизнинг ташаббуси билан бугунги кунда жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш ва аҳолининг муаммоли қатламлари билан “Хавфсиз хонадон” ва “Хавфсиз ҳовли” тизими асосида “фуқаробай” ишлаш тизими йўлга қўйилди.
Жойларда ҳар бир оила ва хонадондаги муҳитни, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар содир этилишига таъсир этувчи ижтимоий, инфратузилма ва бошқа муаммоларни ўрганиш ҳамда бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Маҳаллалардаги Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияларида ички ишлар органлари оилавий низолар, қўни-қўшнилар ўртасидаги жанжаллар, бола тарбияси билан шуғулланмаётган ота-оналар ва бошқа масалалар бўйича юборган 9 мингдан ортиқ ҳужжат муҳокама қилинди.
Пировардида, 4 мингдан ортиқ оила нотинчлигига барҳам берилди, 2 мингга яқин ёш оила ажралиб кетишдан сақлаб қолинди.
Оила-турмуш муносабатлари доирасида ҳуқуқбузарлик содир этган 3 минг нафар (805 нафари аёллар) кишига якка тартибдаги профилактик тадбирлар амалга оширилди.
– Кўпчилик зўравонлик ва тазйиққа учраётган аёллардан нега бу ҳақда тегишли ташкилотларга мурожаат қилмадингиз, деб сўрасак, уят ва андиша қилганини ёки сукут сақлашни афзал билганини айтишади. Зўравонликни ана шундай тарзда ошкор этмайдиган опа-сингилларимизга ёрдам бериш тизими мавжудми?
– Ҳа, албатта. “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 30-моддасига мувофиқ жабрланувчига ёрдам кўрсатган шахс ҳақидаги маълумотлар қонун ҳужжатлари билан ҳимоя қилиниши айтилган. Маълумотларни ошкор этишга йўл қўйган шахс қонуний жавобгарликка тортилади.
Тазйиқ ва зўравонлик содир этган ҳамда зўравонликдан жабрланган шахсларга доир маълумотлар сир сақланади. Шунингдек, зўравонлик бўйича хабар берган шахсларга тегишли маълумотлар ҳам ошкор этилмайди.
Ички ишлар органларида “102” ,“1102” , Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизимида “1146” қисқа рақами, “Не молчи”, “Зўравонликка йўл йўқ” каби рақам, телеграмм канал ва ижтимоий тармоқлар мавжуд.
– “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 26-моддасида ҳимоя ордери бериш билан биргаликда зўравонлик содир этган шахсга нисбатан чекловлар ҳам белгиланган.
Ҳимоя ордери амал қилган даврда ушбу чекловларни бузганлик ҳолатлари аниқланса, МЖтКнинг 206-1-моддасига асосан жавобгарликка тортиш назарда тутилган.
2021 йилнинг 4 ойи давомида судлар томонидан 383 нафар фуқарога нисбатан ана шундай жазо чоралари белгиланди.
–Аёлларга нисбатан зўравонлик ва таҳқирлаш ҳолати кўпаяётгани сабаблари нимада, деб ўйлайсиз?
–Оилавий зўравонликка учраган аёллар аксарият ҳолатларда ёрдам сўрамай, ойлар, йиллар давомида сукут сақлашади, камситиш ва калтакларга чидаб яшашади. Чунки бу ҳақда очиқ айтишса, ёрдам ёки қўллаб-қувватлаш ўрнига атрофдагилар томонидан қораланади. Зўравонликка учраган аёлга, энг аввало, яқинлари танбеҳ беради ёки қоралайди. Ота-онаси қизининг ажрашмаслигини, чидашини, узоқни ўйлаб иш қилиши, сабрли бўлишини истайди. “Сен аёлсан, чидашинг керак” ёки “Ҳаммаси ўтиб кетади”, “Озгина чида, ақлли бўл” дейишади.
Ижтимоий тармоқларда кузатилаётган хотин-қизларга нисбатан самосуд ва бошқа ҳолатлар ҳам қонунга зид ҳатти-ҳаракатлар ҳисобланади. Албатта, ҳар бир ҳолат бўйича қонуний чора кўрилади. Зўравонлик ва ноқонуний ҳатти- ҳаракатларни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Жиноятчи ҳеч қачон жазосиз қолмайди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА