Мамлакат ҳаётида юз бераётган ўзгаришларни одамлар ўз вақтида билиши, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти эса очиқлик, шаффофлик асосида жамоатчилик назоратида бўлиши жамият тараққиёти учун ўта муҳим. Бу – демократия мезони ҳисобланади ва биринчи навбатда, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигига, ташаббускорлигига ижобий таъсир кўрсатади.
«Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони билан бу борада залворли ўзгаришларнинг ҳуқуқий пойдевори қўйилди.
Тан олиш керак, мамлакатимизда очиқ эълон қилиб бориладиган маълумотларнинг аниқ рўйхати ва янгилаб бориш даврийлиги белгиланмаган эди. Шу боис, давлат органларининг фаолияти жамоатчилик учун том маънода очиқ ва шаффоф, деб айта олмаймиз. Бу ўз ўрнида юртимизнинг халқаро рейтингларда паст поғоналарни эгаллашига сабаб бўлаётганини таъкидлаш жоиз. Масалан, Ўзбекистон очиқликни баҳоловчи «Коррупцияни қабул қилиш индекси»да (Германия) 180 та мамлакатдан 146-ўринни, «Демократия индекси»да (Англия) 167 та мамлакатдан 155-ўрин, «Бошқарув трансформация индекси»да (Германия) 128 та мамлакатдан 108, «Иқтисодий эркинлик индекси»да (АҚШ) 178 та мамлакатдан 108-ўринни эгаллаган.
Энди фармон билан барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари томонидан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган 33 та банддан иборат ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқланди. Тан олиш керак, мамлакатимизда давлат ҳокимияти очиқлиги сиёсати амал қила бошлаган сари яширин иқтисодиёт бир мунча қисқариб, иқтисодий барқарорлик таъминлана бошлади.
Очиқлик ва ошкоралик йўлидаги қатъий қадамлар порахўрлик, таниш-билишчилик, тамаъгирлик каби иллатларнинг пайини қирқади. Эндиликда жамиятда очиқликни таъминлашда жамоатчилик назоратини кучайтиришни ҳам даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Фармонда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини, ахборот олиш эркинлигини таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини такомиллаштириш масалаларига катта эътибор қаратилган.
Фармонда белгиланганидек, эндиликда барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, Ҳисоб палатаси, Марказий банк, суд ва прокуратура органлари ҳамда уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари ўз фаолиятига оид ҳисоботларни расмий веб-сайтларига жойлаштиради ва уни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти ҳақида хабар беради.
Ҳисобот ва маълумотлар веб-сайтлар орқали кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинишидан кўзланган асосий мақсад аҳолининг давлат ташкилотлари ва корхоналари ҳақидаги тасаввурини бойитиш, иш фаолияти натижалари ҳақида етарли тушунчага эга бўлишида муҳим аҳамият касб этади.
Очиқликнинг яна бир муҳим жиҳати шундан иборатки, юртимиз иқтисодий юксалиши, тараққиётини таҳлил қилиш ва бошқа хорижий давлатлар билан қиёслаш имконияти пайдо бўлади. Бу эса турли ижтимоий тармоқлардаги фисқ-у фасодларга, асоссиз таъна дашномларнинг камайишига, энг муҳими, айрим амалдорларнинг давлат маблағини ўмаришига кучли чора бўлади.
Шу сабабли Фармонда 2021 йил 1 июлдан бошлаб мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, шу жумладан, индивидуал имтиёзлар берилган субъектларнинг бенефициарлари улар томонидан тўланган солиқлар ва молиявий кўрсаткичлар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталига ва ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириб, уларни ҳар чоракда янгилаб бориш белгиланди.
Мухтасар айтганда, ушбу ҳужжат давлат бошқарувини амалга оширишда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари самарали ҳамкорлигини таъминлашга коррупцияни қисқартиришга хизмат қилади
Коррупциянинг бартараф этилиши эса давлатнинг, жамиятнинг ва халқимизнинг эркин ҳамда фаровон ҳаёт қуришида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Очиқлик ўз навбатида Ўзбекистоннинг имижига ҳам ижобий таъсир кўрсатиб, унинг халқаро рейтинглардаги нуфузини яхшилашга олиб келади. Бу Фармон Ўзбекистон ХДПнинг дастурий мақсадларида белгиланганидек, ижтимоий барқарорлик, фуқаролик жамиятини янада мустаҳкамлашнинг асосий омили ҳамда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ишига хизмат қилади.
Улуғбек Иноятов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси раҳбари