Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Миллий кино санъатининг асрий анъаналарини сақлаш ва ривожлантириш, ушбу санъат тури орқали мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, халқаро миқёсда ижодий ҳамкорлик кўламини ва маданий алоқаларни кенгайтириш ҳамда кўп йиллар давомида ўтказилиб келинган жаҳонга машҳур Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 апрелдаги “Кино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ–6202-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида:
1. 1968-1997 йиллар давомида Ўзбекистонда ўтказилиб келинган “Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларининг Тошкент халқаро кинофестивали” “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали номи билан қайта тиклансин ҳамда 2021 йилдан бошлаб ҳар йили сентябрь-октябрь ойларида Тошкент шаҳрида ўтказилсин.
2. “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалини ўтказишнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгилансин:
кино санъати орқали дунё мамлакатлари ўртасида маданиятлараро мулоқотни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, жаҳон киноиндустрияси вакиллари билан ҳамкорликда қўшма кино лойиҳалари яратишни кенгайтириш;
инсонпарварлик ва бағрикенглик, халқлар дўстлигини тарғиб қилувчи, замонавий дунёнинг маданий хилма-хиллигини акс эттирувчи, турли мамлакатларнинг энг сара кино санъати асарларини юртимизга жалб қилиш;
миллий кино санъатини янада ривожлантириш ва халқаро ҳамжамиятдаги нуфузини ошириш, ушбу санъат тури орқали халқимизнинг бой тарихи ва бетакрор маданиятини дунёга кенг тарғиб этиш;
хорижлик кино санъати вакиллари билан ҳамкорликда ушбу соҳада илмий-тадқиқот ва изланишларни амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, таниқли кино намояндалари иштирокида конференция, давра суҳбатлари, тақдимот ва маҳорат дарсларини ташкил этиш.
3. “Ипак йўли дурдонаси” XIII Тошкент халқаро кинофестивали (кейинги ўринларда – Кинофестиваль) 2021 йилнинг 28 сентябрь – 3 октябрь кунлари “Тинчлик, тараққиёт ва маърифат” шиори остида ўтказилсин.
Кинофестиваль “Фестиваллар фестивали” шаклида, нуфузли халқаро кинофестивалларнинг ғолиб ва номинантлари иштирокида дунёнинг энг яхши кино санъати асарларини жалб қилган ҳолда ташкил этилсин ва унинг доирасида қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилсин:
Кинофестиваль арафасида чет давлатларда Ўзбек кино санъати кунлари ҳамда Ўзбекистонда хорижий мамлакатларнинг кино санъати кунларини ташкил этиш, ушбу тадбирларни Тошкент шаҳри ва республика ҳудудлари бўйлаб ўтказиш;
Осиё қитъаси ва қадимий Ипак йўли бўйлаб жойлашган мамлакатлар ёш киноижодкорларининг қисқа метражли фильмлари фестивалини ўтказиш ва ғолибларни тақдирлаш, унинг доирасида конференция, давра суҳбати, дунёга машҳур киноижодкорлар иштирокида маҳорат сабоқлари ва тренинглар, ижодий учрашувлар ташкил қилиш;
хорижлик меҳмонлар ва иштирокчилар учун энг сара миллий фильмларимиз намойишлари, Ўзбекистон кино санъати тарихи ва маданий меросига бағишланган медиа тадбирларни ташкил қилиш;
хорижлик ҳамкорлар ва экспертлар иштирокида “Ўзбекфильм” киноконцерни”нинг кино ишлаб чиқариш бўйича хизмат кўрсатувчи марказ сифатидаги замонавий моддий-техника базаси, технологик имкониятлари ва келгуси истиқболларига бағишланган тақдимотлар ўтказиш;
хорижлик ва маҳаллий кинокомпаниялар, киностудиялар ва телекомпаниялар иштирокида кинобозор ташкил қилиш, уларнинг фильмлар, сериаллар ва бошқа аудиовизуал маҳсулотларни ўзаро алмашиши, харид қилиши ва сотишига кўмаклашиш;
дунёда кино индустрияси соҳасида яратилган энг сўнгги инновацион лойиҳалар ва йирик стриминг платформалари вакиллари иштирокида миллий стриминг платформаси тақдимотларини ўтказиш;
мамлакатимиз кинолокацияларини намойиш этиш, Ўзбекистоннинг кино ва туризм соҳаларидаги салоҳиятини тарғиб қилиш ҳамда бу борадаги кенг имкониятлардан самарали фойдаланишга қаратилган тадбирларни ўтказиш.
4. Қуйидагилар:
“Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) таркиби 1-иловага мувофиқ;
“Ипак йўли дурдонаси” XIII Тошкент халқаро кинофестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича “йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали тўғрисидаги низомни тасдиқласин.
5. Ташкилий қўмитанинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
режалаштирилган тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда бадиий-ижодий гуруҳлар ва халқаро экспертлар кенгашларини тузиш;
халқаро кинофестивалларни ўтказиш бўйича катта тажрибага эга бўлган хорижий ташкилотларни Кинофестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга шартнома асосида жалб этишни ташкил қилиш;
Кинофестивалнинг логотипи, эсдалик совғалари, диплом ва статуэтка намуналарини, унинг дастури, тантанали очилиш ва ёпилиш маросимлари сценарийси ва бадиий дастурлари, харажатлар сметаси, иштирокчилари ва меҳмонлари рўйхатини тасдиқлаш;
Кинофестиваль ва унинг доирасидаги тадбирларни юқори савияда ўтказишга қаратилган бошқа комплекс тайёргарлик ишларини амалга ошириш.
6. Кинематография агентлиги, Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази, Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси
ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Алишер Навоий номидаги кино саройи биносини Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази бошқарувига бериш ва унинг негизида “Киночилар уйи”ни ташкил қилиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.
7. Белгилансинки:
а) Кинофестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича:
Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази фаолиятига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган ва доимий асосда ишлайдиган 9 нафар мутахассис жалб этилади;
мазкур мутахассислар меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекцияси ходимларига тенглаштирилади;
б) Кинофестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар:
2021 йилда – Ташкилий қўмита томонидан тасдиқланган харажатлар сметасига асосан Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда қопланади;
2022 йилдан бошлаб, келгуси йилларда Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади;
ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ҳам қопланиши мумкин;
в) 2022 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектлари томонидан Кинофестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун йўналтириладиган маблағлар суммасига фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар сифатида қаралади, бунда мазкур чегириладиган харажатлар солиқ солинадиган базанинг 2 фоизидан ошмаслиги лозим;
г) ғояси ва мазмуни Кинофестиваль шиорига мос, жаҳон кинематографияси ривожида салмоқли ўринга эга бўлган, миллий қадриятлар ва маданиятларни ўзида ёрқин акс эттирган фильмларнинг ижодкорлари халқаро экспертлар кенгаши томонидан диплом, рамзий ҳайкалча ва ҳар бири 20 минг АҚШ долларидан иборат бешта пул мукофоти билан тақдирланади;
д) Осиё қитъаси ва қадимий Ипак йўли бўйлаб жойлашган мамлакатлар ёш киноижодкорларининг қисқа метражли фильмлари фестивали ғолиблари диплом ва қуйидаги миқдорларда пул мукофотлари билан тақдирланади:
1-ўрин учун – 15 000 АҚШ доллари;
2-ўрин учун – 10 000 АҚШ доллари;
3-ўрин учун – 7 000 АҚШ доллари.
8. Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.А.Артикходжаев) Кинематография агентлиги (Ф.Ф. Абдухаликов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда 2022 йил ва келгуси йиллар Инвестиция дастури доирасида “Ўзбекфильм” киноконцерни” ҳудудидаги Ўзбекистон Кинематография академияси биносини реконструкция қилиш ва жиҳозлашни таъминласин.
9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Кинематография агентлиги (Ф.Ф.Абдухаликов) билан биргаликда 10 кун муддатда ҳудудларда Кинофестиваль тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни юқори савияда ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқласин, шунингдек, унда белгиланган вазифалар 2021 йил 1 сентябрга қадар тўлиқ амалга оширилишини таъминласин. Бунда, жумладан, қуйидагиларни назарда тутсин:
Кинофестиваль дастурида белгиланган тадбирларни юқори даражада ўтказиш билан боғлиқ тегишли харажатларни Кинофестиваль харажатлар сметасига асосан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаш;
ҳудудлардаги кинотеатрлар ва тадбир ўтказиладиган объектлар, уларга туташ ҳудудлар ва олиб борадиган йўлларда таъмирлаш-тиклаш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш ҳамда Кинофестиваль доирасида фильмлар намойиш этишга тайёрлаш.
10. Маданият вазирлиги (О.А.Назарбеков) Кинематография агентлиги билан биргаликда Кинофестивалнинг очилиш ва ёпилиш маросимлари ва бошқа тадбирларида концерт-томоша дастурларини ташкил қилсин.
11. Ташқи ишлар вазирлиги (А.Х. Камилов):
а) Кинематография агентлиги (Ф.Ф.Абдухаликов) билан биргаликда Кинофестивалга:
меҳмонлар ва иштирокчиларни Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари орқали таклиф этишни таъминласин;
БМТ, МДҲ, ШҲТ, ЮНЕСКО, АЙСЕСКО, FIAPF ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари вакилларини таклиф этсин;
б) Кинофестивалга ташриф буюрувчи меҳмонлар учун Кинематография агентлигининг талабномаларига асосан Ўзбекистон Республикасига кириш визаларининг белгиланган тартибда консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.
12. Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири А.А.Абдухакимов Кинематография агентлиги (Ф.Ф.Абдухаликов) билан биргаликда:
маҳаллий ва хорижий инвесторларни Кинофестивалга жалб этиш учун “инвестиция пакетлари”ни шакллантириш;
“инвестиция пакетлари” доирасида инвесторларга таниқли кино юлдузларини таклиф этиш ва улар иштирокида ўзларининг реклама ва тарғиботларини ташкил қилиш бўйича кенг шарт-шароитлар яратиб бериш юзасидан таклифлар ишлаб чиқсин.
13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, тегишли вазирлик ва идоралар давлат тасарруфидаги видеоэкранлар ва билборд кўринишидаги ташқи реклама объектларида берилаётган реклама вақтининг 2021 йил 1 июнь – 1 сентябрь кунлари 5 фоизи, 2021 йил 1 сентябрь – 3 октябрь кунлари 10 фоизи Кинофестивални тарғиб қилиш учун ажратилишини таъминласин.
14. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “Дунё” ахборот агентлиги ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларига Кинофестиваль фаолиятини кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси Кинофестиваль харажатлар сметаси доирасида хорижий оммавий ахборот воситаларида унинг рекламаси ва тарғиботини ташкил қилсин.
15. Ички ишлар вазирлиги (П.Р. Бобожонов), Миллий гвардия (Р.М. Джураев) ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (А.Х. Қўлдошев) Кинофестиваль тадбирлари, меҳмонлари ва иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чора-тадбирларни амалга оширсин.
16. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.М.Хаджибаев) Кинофестиваль ўтказиладиган жойларда тез тиббий ёрдам пунктларини ташкил этсин, тадбирлар ўтказиладиган вақтда санитария қоидаларига, нормаларига ва гигиена нормативларига қатъий риоя қилинишини назорат қилсин.
17. Давлат божхона қўмитаси (М.Б.Азимов) Кинофестиваль иштирокчиларини ҳамда уларнинг юкларини олиб кириш ва олиб чиқиш учун божхона расмийлаштирувини белгиланган тартибда тезкорлик билан амалга оширилишини таъминласин.
18. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири А.А.Абдухакимов ва Кинематография агентлиги бош директори Ф.Ф. Абдухаликов белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул вазирликлар ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2021 йил 19 июнь