27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни расман очилади
Сайхунобод тумани ҳокимлиги ташаббуси билан Сирдарё вилоят мактабгача таълим бошқармаси ва унинг Сайхунобод туман бўлими томонидан “Гуландом” давлат шерикчилиги асосидаги янгидан барпо этилган хусусий мактабгача таълим ташкилотига журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди.
“Эркин замон ижодкори” масъулияти чекланган жамияти таъсисчилигида қуриб битказилган мактабгача таълим ташкилоти “Фаравон” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқароларнинг 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган фарзандларига хизмат қилмоқда.
Бу ерда 2004 йилгача “Ситора” номли болалар боғчаси фаолият кўрсатган, ўша йили ушбу маҳаллада яшовчи маҳаллий тадбиркор томонидан муассаса хусусийлаштирилиб олинган, бино таъмирланиб, болалар боғчаси сифатида фаолияти қайта тикланиши лозим эди. Аммо тадбиркор томонидан бино тўлиқ бузилиб, ундаги барча қурилиш материаллари ечиб олиб кетилган, муассасанинг ўрни чиқиндихонага айланган ва бу жой 14 йил давомида қаровсиз аҳволга келиб қолган эди. Туман ҳокимлиги бу жойни ўз захирасига олишга мажбур бўлган.
Бундан 3 йил муқаддам шу жойни “Эркин замон ижодкори” МЧЖ раҳбари Эркин Саидов олиб, унинг таъсисчилигида шу жойнинг ўзида замонавий 3 қаватли давлат шерикчилиги асосидаги хусусий мактабгача таълим ташкилоти янгидан барпо этилди.
Умумий майдони 0,25 гектарни ташкил этган ушбу МТТнинг умумий лойиҳа қиймати 3 миллиард 300 миллион сўмни ташкил этиб, шундан 2 миллиард 500 миллион сўми “Асака” тижорат банки вилоят филиалининг 15 йиллик имтиёзли кредити, қолгани таъсисчининг шахсий маблағлари эвазига барпо этилди.
150 ўринга мўлжалланган 3 қаватли барча замонавий шароитларга эга ушбу объект ховослик тадбиркор Алиқул Юляхшиев раҳбарлигидаги “19-ҚМБ” МЧЖ қўлигул қурувчилари томонидан бунёд этилди.
Муассаса кўмир билан индивидуал тарзда иситишга мослаштирилган, электр, тоза ичимлик суви, канализация, интернет тармоғига уланган. Компьютер ва назорат камералари бенуқсон ишлаб турибди. МТТда барча зарур қаттиқ ва юмшоқ мебеллар, ўйинчоқлар, ҳатто мўжазгина болалар кутубхонаси ҳам мавжуд.
Болаларнинг мусиқа ва спорт билан шуғулланишлари учун махсус хоналар зарур мусиқий ва спорт жиҳозлари, янги идиш-товоқ, янги ётоқ жойлари билан таъминланган. МТТ ҳовлисида бассейн ва соя-салқинда ўйнашлари учун махсус айвончалар ҳам барпо этилган.
– Туманимизда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар сони 6 минг 215 нафарни ташкил этиб, уларнинг 4 минг 360 нафари ёки 71 фоизи МТТларга қамраб олинган, – дейди Сайхунобод туман мактабгача таълим бўлими мудири вазифасини бажарувчи Акмал Шерказиев. – 37 та оилавий, 17 та давлат ва ушбу болалар боғчаси билан қўшиб ҳисоблаганда 6 та давлат шерикчилиги асосидаги хусусий, жами 60 та мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд. 2023 йилга бориб туманимиздаги 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар МТТлар билан тўлиқ қамраб олиниши режалаштирилган.
Ушбу МТТ жорий йилнинг 3 май – Жаҳон матбуот ва ахборот эркинлиги куни ўз фаолияти бошлаган бўлсада, унинг расман очилиши жорий йилнинг 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида белгиланди.
– МЧЖ раҳбари, асли журналист, устоз Эркин Саидов 22 йилдан буён шу соҳада фаолият кўрсатиб келади ва ҳозирда туман ҳокимлиги Ахборот хизматини раҳбари бўлиб ишламоқда, – дейди “Янги ҳаёт” газетасининг жамоатчи мухбири Маржона Ҳайитбоева. – Бугунги кунда туман марказидан олисдаги маҳаллада 150 ўринли 3 қаватли шундай кўркам бинони шаҳарда ёки туман марказида эмас, айнан ўз маҳалласида қуриб, фойдаланишга топширди. Ушбу МЧЖ муассислигида “Янги ҳаёт” газетамиз чоп этиб келинмоқда.
“Гуландом” давлат шерикчилик асосидаги хусусий мактабгача таълим ташкилотини МЧЖ раҳбари ўз касб байрами – 27 июнь куни маҳалладошлари болаларига совға сифатида топширишни мақсад қилган.
Бу мактабгача таълим ташкилотида бир нафар бола учун ойлик тўлов миқдори 100 минг сўм этиб белгиланган.
Бундан ташқари, “Нуробод” МФЙга қарашли “Қашқадарё” қишлоғидан ушбу МТТга қатновчи болажонларни уйларидан беминнат олиб келиб, яна олиб бориб қўйиш учун “Дамас” қатнови йўлга қўйилган.
Айни пайтда, ушбу боғчада 120 нафар бола таълим-тарбия олмоқда, уларга инглиз ва рус тили, спорт турлари, мусиқа, ашула, рақс, ёшларига яраша бичув-тикув ва дурадгорликдан тажрибали педагоглар сабоқ бериб келаётир.
Мазкур МТТ фаолият кўрсатаётгандан буён “Фаравон” маҳалласида истиқомат қилувчи 20 киши доимий иш ўрнига эга бўлди.
– Ушбу мактабгача таълим ташкилотини барпо этишдан кўзлаган мақсадим – 10 сўм сарфлаб 100 сўм топиш эмас, эртага давлатдан субсидия олганимдан сўнг, банкдан олган кредитим тўлиқ ёпилади, – дейди “Эркин замон ижодкори” МЧЖ раҳбари, журналист Эркин Саидов. – Лекин бу ишдан кўзлаган асосий мақсадим бутунлай бошқа. Бинойидек бинони хусусийлаштириб, уни тиклаш ўрнига бузиб, маҳалламиз болаларини мактабгача таълим олиш бахтидан маҳрум қилган маҳалладошимни хатосини тўғрилаб, болажонларимизга шу бахтни қайтадан бериш. Мен бир журналист қайта тиклаган боғчада тарбия кўрганим учун ҳам шу даражага эришдим, деб фахрланадиган болажонлар кўп бўлишини истайман.
А.Қаюмов, ЎзА