
Айнан шундай қилмишлар содир этган шахсларга нисбатан жавобгарлик чоралари кескин кучайтирилди.
Бу давлатимиз раҳбарининг «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ўз ифодасини топди.
Адлия вазирлиги томонидан фармонда белгиланган янги тартиблар бўйича матбуот анжумани ўтказилди. Унда Адлия вазири, Бош прокурор ўринбосари, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбарияти ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.
Адлия вазири Русланбек Давлетов Президентимизнинг ерга оид фармони тарихий ҳужжат эканини қайд этди. Унда амалиётда учраётган ер билан боғлиқ қонунбузарликлар, муаммоларга чек қўйишга оид ечимлар ўз ифодасини топган. Эндиликда шу асосда ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш, ер ажратиш ва ундан фойдаланишда назоратни кучайтиришга оид бир қатор янги тартиблар амалга киритилади.
Ерга бўлган ҳуқуқ турлари 6 тадан 3 тага қисқартирилмоқда. Яъни мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқлари билан ер ажратиш амалиёти тўлиқ тугатилмоқда. Бунда хусусий сектор учун – мулк ва ижара ҳуқуқини, давлат ташкилотлари учун – доимий фойдаланиш ҳуқуқини қолдириш назарда тутилди.
Ноқишлоқ ерларни шаффоф ажратиш мақсадида қуйидаги тартиблар белгиланди: ҳоким қарори асосида ерларни тўғридан тўғри ва текинга бериш амалиёти бутунлай бекор қилинади.
Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахсларига – хусусий мулк қилиб сотиш, хусусийлаштириш мумкин бўлмаган ерларни ҳамда хорижий шахсларга – ижара ҳуқуқини электрон аукционда сотилади.
Айрим тоифадаги шахсларга (ҳарбийлар, кам таъминланган оилалар, турар жойи бузилишга тушганлар) ерларни тўғридан-тўғри ва бепул бериш ўрнига аукциондан ер сотиб олиш харажатларини қоплаб бериш тизими жорий этилади. Жисмоний ва юридик шахслар ихтиёрида бўлган ерлар ҳақ эвазига хусусийлаштирилади. Энг яхши таклифни танлаш (“swiss challenge”) орқали камида 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги йирик инвестиция лойиҳаси ташаббускорига Ҳукумат қарори билан ижарага ер бериш (бунда инвестор лойиҳа суммасининг камида 10 фоизини олдиндан депозитга қўйиши лозимлиги) назарда тутилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги ерларини ажратишда янги тартиб жорий этилди. Хусусан, ер барча фуқаро ва ташкилотларга очиқ танлов асосида берилади. (Амалда МЧЖ, деҳқон хўжаликларига танловсиз берилар эди).
Боғдорчилик, полизчилик ва узумчилик ширкатлари тузиш, ёрдамчи қишлоқ хўжалиги юритиш учун ер бериш тартибини бекор қилиш, янги ажратиладиган қишлоқ хўжалиги ер майдони ўлчами ва ижара муддатини бугунги кун талаблари асосида белгилаш кўзда тутилган.
Ер ажратиш ва ундан фойдаланишда назорат кучайтирилади. Туман ҳокимларининг ер ажратиш бўйича ваколати тўлиқ бекор қилинди (ерни бириктириш, фармойиш чиқариш, ерни кўчириш); қишлоқ хўжалиги ери ижараси бўйича очиқ танлов якуни вилоят ҳокими қарори билан тасдиқланади, ижара шартномаси (туман ҳокимлиги ва ғолиб ўртасида) электрон шаклда тузилади.
Ҳоким қарорлари «е-қарор» ахборот тизимида шакллантирилади. Ернинг жойлашув харитаси «Иннола» ва “AрсГИС» дастурларида шакллантирилади. Ерга бўлган ҳуқуқ автоматик тарзда кадастр рўйхатидан ўтказилади.
Вилоят ҳокимининг ер бўйича қарорлари адлия бошқармасида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади. Ҳокимнинг айни бир қарори билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш ва бошқа шахсга ажратиш тақиқланади.
Ерга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, ҳужжатларни тўплаш ва кўриб чиқиш жараёни «Е-YERNAZORAT” ахборот тизими орқали юритилади. Кадастр, прокуратура, адлия органлари ва ҳокимликлар томонидан ер ажратиш устидан давлат назорати амалга оширилади. Ер соҳасидаги ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахслар моддий рағбатлантирилади.Ер соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кескин кучайтирилди. Хусусан, ноқонуний эгалланган ерлар тўғрисида хабар бермаслик, уларда қурилган иморатларни коммуникация тармоқларига улаб берганлик учун янги маъмурий жавобгарлик киритилди.
Суғориладиган ерларда ўзбошимчалик билан қурилиш қилган шахслар тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка тортилади (амалда бундай жавобгарлик маъмурийдан кейин белгиланган). Ер соҳасида барча маъмурий жарималарни тайинлаш ваколати кадастр органларига ўтказилади. Ерни ноқонуний сотганлик учун янги жиноий жавобгарлик киритилди.
Мазкур ўзгартиришлардан кейин ерларни талон-торож қилиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш, ноқонуний сотиш кескин камаяди. Ерлар барча учун бир хил ва шаффоф тартибда ажратилади. Ер бозор активига айланади ва молиявий оборотга киради. Ер ажратиш тартиби ягона ҳужжат – Ер кодексида белгиланади. Ер соҳасида давлат ва жамоатчилик назоратининг самарадорлиги ортади.
Н.Абдураимова, ЎзА